Бобур шаҳри рассомларни чорламоқда
Давлатимиз раҳбарининг таклифига асосан, 2025 йил 30 декабрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Андижон вилояти Бобур шаҳрида рассомлар фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланиб, 2026 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта Бобур шаҳрида Рассомлар фестивали ўтказилиши белгиланди.
Илк фестиваль шу йил 18 – 22 май кунлари Бобур шаҳрининг Зиёлилар боғида бўлиб ўтиши маълум қилинди.
– Фестивалда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан 200 нафарга яқин тасвирий санъатнинг рангтасвир, бадиий фото, ҳайкалтарошлик ва графика йўналишларида тажрибали ижодкорлар иштирок этади, – дейди Бадиий ижодкорлар уюшмаси Андижон вилоят бўлими раҳбарим Расулжон Исмонов. – Айни кунларда тайёргарлик ишлари қизғин паллага кирган. Бобур шаҳридаги Зиёлилар боғида кўргазмалар учун махсус майдонлар, саҳналар тайёрланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, иштирокчилар “Гран-при”, “Энг яхши рангтасвирчи рассом”, “Энг яхши ҳайкалтарош”, “Энг яхши фоторассом”, “Энг яхши график рассом” номинациялари бўйича мукофотланади.
Фестиваль дастурига кўра тасвирий санъат йўналиши бўйича ижодий асарлар кўргазмалари, таниқли ва иқтидорли ижодкорлар иштирокида маҳорат дарслари, ижодий суҳбатлар, амалий санъат асарлари, ҳунармандчилик буюмлари кўргазмалари, миллий ва тарихий либослар, бадиий дастурлар намойиши, диққатга сазовор масканларга саёҳатлар ташкил этилади.
Фестиваль якунида ғолиблар Президент совғаси сифатида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган енгил автомобиль, диплом, фестиваль статуэткаси ва пул мукофотлари билан тақдирланади.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири.