Шахматчимиз Италия турнирида ғолибликни тантана қилди
Италиянинг Линьяно-Саббьядоро шаҳрида ўтказилган “5° Festival Bella Italia” халқаро шахмат фестивалида ўзбекистонлик гроссмейстер Ортиқ Нигматов муваффақиятга эришди.
Классик шахмат форматида ўтказилган фестивалнинг “Master” гуруҳида мамлакатимиз шарафини маҳоратли ёшларимиз Ортиқ Нигматов, Абдумажид Ботиралиев, Шералижон Равшанов, Ҳасан ва Ҳусан Акромов ҳимоя қилди.
9 та турдан иборат баҳслар якунида 7,5 очко жамғарган ҳамюртимиз Ортиқ Нигматов “Master” гуруҳида ғолибликни тантана қилди.

Шахматчиларимиздан Ҳасан Акромов турнирда 5,5 очко тўплаб ўз рейтингига 132 очко қўшишга муваффақ бўлди. Шералижон Равшанов ҳам 5,5 очко жамғарди ва кўрсаткичини 72 очкога яхшилади.
Турнирнинг “Open А” гуруҳида ўз омадини синовдан ўтказган Зафар Толипов 7 турда 6,5 очко билан 1-ўринни, Ҳусан Акромов эса 5,5 очко билан учинчи ўринни эгаллади.
Т.Рўзиев, ЎзА