Шаҳар бедарвоза эмас
Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими тезкор вакиллари томонидан олдиндан олинган маълумотлар асосида, Давлат хавфсизлик хизмати Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси, Ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда Нукус шаҳрида савдо шохобчанинг бирида тезкор тадбир ўтказилди.
Унда хорижда ишлаб чиқарилган дори воситалари шартли харидорга сотилаётган вақтда тезкор ходимлар томонидан тўхтатиб қолинди. Мазкур савдо дўконида келгусида сотиш мақсадида сақлаб қўйилган 146 турдаги, жами 15 минг 21 дона хорижда ишлаб чиқарилган, тегишли божхона ҳужжатлари бўлмаган дори воситаси борлиги ҳам аниқланди.
Тезкор тадбирлар давом эттирилиб Қўнғирот туманида ҳам қонунбузилиш ҳолати фош этилди. Ҳеч қандай ҳужжатларга эга бўлмаган, сифати кафолатланмаган 680 қути дори воситаси ноқонуний равишда сақланаётгани аниқланди. Ашёвий далил сифатида олинган мазкур дори воситаларининг дастлабки умумий қиймати 219 миллион сўмни ташкил этади.
Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.