Сербия турнирида таэквондочи қизларимиз муваффақиятга эришди
Сербиянинг Белград шаҳрида таэквондо WТ бўйича ўтказилган G-1 тоифасидаги “Galeb Belgrade Trophy-Serbia Open 2026” халқаро турнирида мамлакатимиз спортчилари 2 та медални қўлга киритди.
Дунёнинг 30 дан зиёд давлатидан 900 нафарга яқин маҳоратли таэквондо усталари иштирок этган нуфузли мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Мадина Мирабзалова ҳамда Светлана Саидова иштирок этиб, совриндорлар қаторидан жой эгаллади.

23-маротаба ўтказилган халқаро турнирда Мадина Мирабзалова -57 килограмм вазн тоифасида барча рақибларини мағлуб этиб, олтин медалга эга чиқди. Ушбу вазнда кейинги ўринларни Хитой ва Япония терма жамоаси аъзолари банд этди.

Халқаро турнирнинг +67 килограммида даянга чиққан ҳамюртимиз Светлана Саидова бронза медалга эгалик қилди. Олтин ва кумуш медаллар Россия ва Сербия вакилларига насиб этди.
Медаллар жамғаришда Хитой, Жанубий Корея ва Туркия жамоалари етакчиликка эришган вазиятда Ўзбекистон терма жамоаси 2 та медаль билан кучли ўнликдан ўрин эгаллади.
Т. Рўзиев, ЎзА