Бешинчи бор ташкил этилган “Заковат-Гамбит” мусобақасининг мутлақ ғолиблари мукофотланди
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда шахматни оммавийлаштириш ва ёш иқтидорларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган юксак эътибор натижасида ушбу спорт тури мамлакатимизда янги босқичга чиқди.
Бунинг ёрқин ифодаси пойтахтимиздаги “Ўзбекфильм” павильонида шахмат бўйича “Заковат-Гамбит” турнири ғолибларини тақдирлашга бағишланган тантанали маросимда ҳам намоён бўлди.
Ушбу нуфузли мусобақанинг саралаш босқичи олти кун давом этиб, унда 6 мингга яқин шахматчи, жумладан, 633 нафар хотин-қиз иштирок этди. Турнир саралаш, ярим финал ва финал тизимида ўтказилди. Якуний финал баҳслари эса Тошкентдаги “Заковат арена” биносида икки кун давомида, жами 9 тур асосида бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаевнинг таъкидлашича, бу йил бешинчи бор ташкил этилган турнир республикамизнинг барча 14 ҳудудидаги чекка қишлоқларнинг иқтидорли ёшларини ҳам қамраб олган. Мусобақанинг умумий соврин жамғармаси 620 миллион сўмни ташкил этди.

Турнирнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шунда бўлдики, унда жаҳонга машҳур шахмат юлдузлари — венгриялик гроссмейстер Петер Леко ва ҳиндистонлик гроссмейстер Хампи Конеру фахрий меҳмон сифатида иштирок этди. Улар ўзбекистонлик ёш шахматчиларга қарши бир вақтнинг ўзида дона суриб, ўз тажрибалари билан ўртоқлашди. Меҳмонлар Ўзбекистонда шахматнинг бу қадар тез ривожланаётгани бевосита давлатнинг кучли қўллаб-қувватлови натижаси эканини эътироф этиб, ёш шахматчиларимизнинг ўйинига ва иштиёқига юқори баҳо берди.
Тақдирлаш маросимида барча гуруҳлар бўйича ғолиб ва совриндорларга белгиланган пул мукофотлари топширилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева иштирок этиб, ғолибларга совринларни топширди.

Хусусан, ҳар бир гуруҳда биринчи ўринни эгаллаган иштирокчилар 50 миллион сўм, иккинчи ўрин соҳиблари 30 миллион сўм ҳамда учинчи ўрин эгалари 20 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланди. Шунингдек, ҳар бир гуруҳда энг яхши натижа қайд этган аёл шахматчиларга 20 миллион сўмдан мукофот пули берилди. Бундан ташқари, турнирнинг энг ёш иштирокчиси бўлган 8 ёшли Мустафо Пўлатов ҳамда энг кекса қатнашчи, 63 ёшли гроссмейстер Тоир Воҳидовнинг ҳар бирига 10 миллион сўмдан рағбатлантирувчи мукофот топширилди.
Мусобақанинг якуний натижаларига кўра, "A" гуруҳида Муҳаммадзоҳид Суяров биринчи, Ҳумоюн Бегмуратов иккинчи ва Жаҳонгир Воҳидов учинчи ўринни эгаллади. Ушбу гуруҳда Афруза Ҳамдамова энг яхши аёл иштирокчи деб топилди. "B" гуруҳида эса Асроржон Омонов ғолибликни қўлга киритган бўлса, Саъдулло Азизов ва Алишер Бегмуратов кейинги совринли ўринларга, Умида Омонова эса энг яхши аёл иштирокчи номига сазовор бўлди.

Шунингдек, "C" гуруҳида биринчи ўрин Саййид Усмон Шамсиддинга насиб этди. Муҳаммаддиёр Маҳамадуллаев ҳамда Темур Шавкатов мос равишда иккинчи ва учинчи ўринни қўлга киритди. Озода Шаҳзодова бу гуруҳда хотин-қизлар орасида тенгсиз бўлди. "D" гуруҳида Нурмуҳаммад Неъматиллахонов, Шоҳжаҳон Маматсалаев ва Икромжон Ҳалилов мос равишда ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди. Одина Олимова эса энг яхши аёл иштирокчи номинациясида ғолиб чиқди. Ниҳоят, "E" гуруҳи баҳсларида Азамат Аҳмедов биринчи, Фирдавс Рамазонов иккинчи ва Қурбонали Турсунбоев учинчи ўринни банд этган бўлса, Мадина Тўхтаева мазкур гуруҳнинг энг яхши аёл иштирокчисига айланди.
Мазкур турнир мамлакатимизда интеллектуал авлодни қўллаб-қувватлаш ва келажакдаги янги жаҳон чемпионларини кашф этиш йўлида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА