Сенатор Халқаро туристик форумда иштирок этди
Беларусь Республикаси пойтахти Минск шаҳрида “Ҳамдўстлик” Travel HUB Халқаро туристик форуми бўлиб ўтди.
Ушбу форум доирасида ташкил этилган пленар ва соҳавий муҳокамаларда Ўзбекистон Сенатининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Қобилжон Турсунов иштирок этди.
Форумда туризмни глобал иқтисодий ўсишнинг муҳим драйвери сифатида ривожлантириш, МДҲ маконида ягона туристик маконни шакллантириш, шунингдек, ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбир доирасида сенатор Беларусь Республикасидаги Ўзбекистон Республикасининг элчихонаси вакиллари билан учрашди. Унда икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш, хусусан, туризм ва иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон делегацияси Беларусь Республикаси Миллий Мажлиси Республика кенгашининг Халқаро ишлар ва миллий хавфсизлик бўйича доимий комиссияси раиси Сергей Алейник билан учрашди.
Унда ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари, парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда қўшма ташаббусларни илгари суриш масалалари кўриб чиқилди.
Мулоқотда ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, МДҲдоирасида амалга оширилаётган “Хотира поезди” ва “Ҳамдўстлик болалари” лойиҳалари ёш авлодни ватанпарварлик, тарихий хотира ва ўзаро ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим ўрин тутиши таъкидланди.
Ёшларга оид парламентлараро ташаббусларни келгусида ҳам фаол қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланди.
Бундай учрашув ва музокаралар ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш ва конструктив мулоқотни давом эттиришга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА