Ўзбекистоннинг бой мероси — дунё нигоҳида
Жорий йилнинг 17–24 апрель кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Хоразм вилоятининг туризм салоҳиятини намойиш этиш мақсадида хорижий туркомпаниялар вакиллари учун инфо-тур ташкил этилмоқда.
Мазкур инфо-турда Европа ва Осиёнинг 20 та давлатидан, жумладан Франция, Италия, Норвегия, Швейцария, Бельгия, Туркия, Босния ва Герцеговина, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Покистон ҳамда Хитойдан ташриф буюрган нуфузли хорижий туризм компаниялари вакиллари иштирок этмоқда. Ушбу ташриф мамлакатимизнинг бой туризм салоҳиятини халқаро майдонда кенг тарғиб қилишга хизмат қилади.

Дастур доирасида меҳмонлар Тошкент шаҳрида жойлашган Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, юртимизнинг кўп асрлик бой тарихий-маданий мероси, буюк алломаларимизнинг илмий-маънавий мероси ҳамда ноёб қўлёзмалар, экспонатлар ва замонавий экспозициялар билан яқиндан танишди.

Ташриф давомида меҳмонлар марказда қўлланилаётган инновацион ёндашувлар, интерактив тақдимотлар ва унинг илмий-маърифий аҳамиятига алоҳида эътибор қаратиб, Ўзбекистонда маданий меросни асраб-авайлаш ва уни халқаро миқёсда тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолади.

Шунингдек, инфо-тур доирасида иштирокчилар Тошкент шаҳрининг асосий диққатга сазовор масканларига ташриф буюриб, замонавий инфратузилма, тарихий обидалар ва миллий маданият намуналари билан ҳам яқиндан танишмоқда.

Мазкур инфо-тур хорижий туркомпаниялар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш, янги туристик йўналишларни ривожлантириш ҳамда Ўзбекистоннинг, хусусан Қорақалпоғистон Республикасининг туризм имкониятларини жаҳон бозорида фаол тарғиб этишга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА