Сенатнинг ўн еттинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади
Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Унда Сенат ва Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.
Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқараётган мажлис кун тартибига мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, давлат бошқаруви, қурилиш, техник жиҳатдан тартибга солиш, ёнғин хавфсизлиги, фармацевтика, ижтимоий ҳимоя, рақамли технологиялар, халқаро ҳамкорлик ҳамда қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган қатор муҳим масалалар киритилди.
“Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида” ва «Рақамли технологиялар халқаро маркази тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунлари, “Ижтимоий иш тўғрисида”ги қонун шулар жумласидандир.
Ялпи мажлисда болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, қурилиш соҳасида давлат назорати, ёнғин хавфсизлиги, давлат фуқаролик хизмати, фармацевтика соҳаси ҳамда бошқа қатор йўналишларга оид қонунлар ҳам муҳокама қилинади.
Ўзбекистон Республикасининг устувор халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрни яхшиланиши тўғрисидаги миллий маъруза эшитилади.
Бундан ташқари, бошқарув сервис компаниялари ва уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари кўриб чиқилади.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА