Ўзбекистон узумлари учун Корея бозори очилди (+видео)
Ўзбекистонда етиштирилган янги узилган узумни Корея Республикасига экспорт қилиш учун фитосанитар рухсатнома олинди. Ҳамкор давлат билан олиб борилган музокаралар ва фитосанитар келишувлар натижасида мамлакатимизнинг бренд маҳсулотларидан бири ҳисобланган сархил меваларни энди тўлов қобилияти юқори, озиқ-овқат маҳсулотларига эса қатъий талаблар амал қиладиган давлатга жўнатиш мумкин бўлади.
Узум экспортида ўтган йилда янги рекорд натижалар қайд этилган эди. Мисол учун, Самарқанд, Фарғона, Навоий вилоятларининг боғларида пишган маҳсулот Буюк Британия, Форс кўрфази давлатлари ва ҳаттоки Скандинавия мамлакатларигача етиб борганди. Энди эса меваларимиз учун Шарқий Осиё дарвозалари очилмоқда.
- Ҳудудлар кесимида асосий маҳсулот етиштириш Самарқанд, Фарғона ва Бухоро вилоятлари ҳиссасига тўғри келади, - дейди Озиқ-овқат хавфсизлиги қўмитаси мутахассиси Наргиза Муроджонова. – Ўтган йили Ўзбекистоннинг узум маҳсулотлари илк бор катта ҳажмда Япония бозорига экспорт қилинди. Бу йил Жанубий Корея бозорига фитосанитар рухсат олингани, қатъий фитосанитар талаблар мавжуд давлатларга экспорт имкониятларимиз кенгаяётганини англатади. Ҳозирги кунда Ўзбекистондан тадбиркорларимиз фитосанитар талабларга риоя қилган ҳолда 35 та давлатга ушбу маҳсулотни экспорт қилишлари мумкин.Ундан ташқари бугунги кунгача асосий харидорларимиз Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Белоруссия ҳисобланади. Экспорт жараёнларида, маҳсулот ташишда зарарланмаслиги ва сифатли қадоқларда бўлиши катта аҳамиятга эга. Айниқса, Кореяга экспорт қилишда маҳсулот ҳақидаги маълумот тўлиқ кўрсатилиши лозим.
Халқаро савдода ҳар бир давлатнинг талаби бўлгани каби, Корея Республикасининг фитосанитар хизмати ҳам Ўзбекистоннинг махсус реестрга киритилган боғлари ва қадоқлаш корхоналарида етиштирилган узумни импорт қилишга тайёр. Мазкур рўйхат эса карантин хизмати томонидан кореялик мутахассислар билан биргаликда ўтказиладиган инспекциялар натижасида олдиндан шакллантирилади. Бунда боғларда учрайдиган зарарли организмлар, уларга қарши қўлланилган воситалар, кимёвий препаратлар таҳлили олиб борилади.
Маълумот учун, узум дунёда энг кўп тарқалган мева тури ҳисобланади. “International Organisation of“ маълумотларига кўра, 2024 йилда жаҳонда қарийб 74 миллион тонна узум етиштирилган. Энг йирик ишлаб чиқарувчилар Хитой, Ҳиндистон, Миср, Туркия ва Ўзбекистондир. Мамлакатимизда йиллик ҳосил 1.4 миллион тоннадан ортиқни ташкил этади. Мутахассислар фикрича, Жанубий Корея бозорининг очилиши маҳаллий узумчилик тармоғи учун қўшимча муҳим экспорт йўналиши бўлди. Рақобатбардош маҳсулот етиштиришга бўлган интилиш эса бу борада кўрсаткичларнинг ортиб боришига хизмат қилади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/O-wxOsJZonA?si=MfkZutgBAS5aImcm" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА