Сенатда маданий фаолият ва маданият ташкилотларига оид қонун ижроси кўриб чиқилди
Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисида “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги қонуннинг Қашқадарё вилоятида ижро этилиши ҳолати муҳокама этилди.
Сенаторлар, Маданият вазирлиги ва турли идоралар вакиллари, экспертлар иштирок этган тадбирда маданият бошқармаси томонидан қонун ижросини таъминлашга қаратилган ҳужжатлар қабул қилингани қайд этилди. Вилоят мусиқали драма театрида 32 спектакль саҳналаштирилган, шундан 7 таси хорижий ва 25 таси маҳаллий режиссёрлар томонидан яратилган.
[gallery-23947]
Маҳаллий бюджетдан 19 миллиард 73 миллион сўм ажратилиб, 16 та маданият марказида қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Маданият марказлари қошидаги “Халқ” ва “Намунали” унвонга эга 34 бадиий ҳаваскорлик жамоасига маҳаллий бюджет ҳисобидан 96 штат бирлиги ажратилган.
Маданият марказларида 287 тўгарак фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, уларга 3 минг 342 нафар ўқувчи жалб этилган. Янги барпо этилган вилоят қўғирчоқ театри биносида ва Кўкдала тумани санъат саройида 60 ўринли кинозал фаолияти йўлга қўйилган.
Муҳокама жараёнида маданият соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан бир қаторда самарадорликни оширишга хизмат қилувчи масалаларга ҳам эътибор қаратилди. Жумладан, маданият марказларида болаларни тўгаракларга янада кенг жалб этиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ижодий қобилиятини ривожлантириш борасида аниқ чора-тадбирлар белгилаш муҳимлиги таъкидланди. Маданият марказларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий талабларга мос равишда жиҳозлаш орқали кўрсатилаётган хизматлар сифати ва қамровини ошириш юзасидан таклифлар билдирилди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигига маданият марказларидаги тўгараклар фаолиятидан келиб тушадиган маблағларнинг тўгарак раҳбарларига манзилли ажратилишини таъминлаш имкониятларини ўрганиш юклатилди.
Мусиқа мактабларида таълим йўналишларини кенгайтириш, хусусан, академик хонандалик, эстрада, театр санъати ва бахшичилик каби йўналишларни қамраб олиш орқали ўқувчиларнинг қизиқишларига мос равишда имкониятлар яратиш тавсия этилди.
Ушбу таълим муассасаларидаги ўқитувчи ва мутахассисларнинг малакасини оширишга қаратилган чора-тадбирларни тизимли равишда амалга ошириш зарурлиги билдирилди.
Президент ташаббусига мувофиқ маҳаллаларда “Театр куни”ни ташкил этиш амалиётини жорий этиш ва бу борада режали ишларни олиб бориш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.
Кўзи ожизлар учун ташкил этилган махсус кутубхоналарда инфратузилма имкониятларини янада яхшилаш, уларни техник восита ва зарур жиҳозлар билан таъминлаш муҳим масалалардан экани қайд этилди.
Бу борада маҳаллий бюджет лойиҳаси шакллантирилишида мазкур масалалар инобатга олиниши ва қўмита томонидан амалий ёрдам кўрсатилиши маълум қилинди.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА