Сенат Раиси: Миллий бирликни таъминлашда узоқни кўзлаган сиёсат ва собитқадамлик ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда
Сенатнинг ўн тўртинчи ялпи мажлисида Сенат Раиси Танзила Норбоева таҳликали даврда шахс, жамият ва давлат манфаатларини уйғун ҳолда таъминлайдиган барқарор тараққиёт суръатларини сақлаш зарурлиги масаласига алоҳида эътибор қаратди.
– Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, миллий бирликни мустаҳкамлаш ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади, - деди Т.Норбоева. – Айни пайтда Президентимиз бошчилигида амалга оширилаётган халқпарвар сиёсат ана шу улуғвор мақсадга хизмат қилмоқда.
Деярли ҳар куни мамлакатимиз ривожи, ҳудудларни комплекс тараққий эттириш, аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган энг долзарб масалалар олий даражада муҳокама қилиниб, аниқ вазифа ва топшириқлар белгилаб берилмоқда.

Айниқса, ҳар бир ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига оид масалалар юзасидан Президентимиз ҳузурида ҳудуд раҳбарлари ва республика даражасидаги мутасаддиларнинг ахборотлари мунтазам равишда эшитилмоқда. Мавжуд муаммолар чуқур таҳлил этилмоқда ва уларни бартараф этиш бўйича амалий чоралар кўрилмоқда.
Иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларда қатор йирик лойиҳалар ишга туширилмоқда. Жумладан, Олмалиқ шаҳрида мис бойитиш фабрикаси каби стратегик аҳамиятга эга саноат объектларининг ишга туширилиши иқтисодий салоҳиятимизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Февраль - март ойларида Президентимиз ҳузурида ўтказилган муҳокамаларда иқтисодиётни ривожлантиришнинг муҳим йўналишлари – транспорт, энергетика, геология, енгил ва оғир саноат, урбанизация, қишлоқ ва сув хўжалиги, креатив иқтисодиёт, фармацевтика, экология каби соҳалар атрофлича кўриб чиқилди.
Шунингдек, ижтимоий барқарорликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, мактабгача таълимни ривожлантириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, уюшган жиноятчилик ва кибержиноятларга қарши курашиш, хотин-қизлар ва болаларни тазйиқ ҳамда зўравонликдан ҳимоя қилиш, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, ҳудудларни комплекс ривожлантириш юзасидан Фарғона, Навоий, Андижон, Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Хоразм, Сирдарё, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятлари бўйича тақдимотлар эшитилиб, уларнинг иқтисодий салоҳиятини тўлиқ ишга солишга қаратилган устувор вазифалар белгилаб олинди.
“Дунёда рўй бераётган ўта мураккаб сиёсий ва иқтисодий вазиятга қарамай, юртимизнинг барқарор тараққиёти ва миллий бирлигини таъминлашда давлатимиз раҳбарининг тинимсиз меҳнати, узоқни кўзлаган сиёсати ва собитқадамлиги ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
Шубҳасиз, бу жараёнларда барча даражадаги давлат мутасаддилари билан бир қаторда сенаторлар ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари ҳам юксак дахлдорлик ҳисси билан фаолият юритиб, жойларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарали ижросини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиши зарур”, деди Сенат Раиси.
Норгул Абдураимова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА