Сенат: ишга кираётган фуқаролардан ортиқча ҳужжат талаб қилиш каби бюрократик тўсиқлар бартараф этилади
Электрон шаклдаги меҳнат шартномаси қонунчиликда белгиланган тартибда “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий – аппарат мажмуида расмийлаштирилади.
Сенатнинг учинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Эркин Гадоев Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Фуқароларнинг меҳнат қилиши, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши учун яратилаётган шароитлар ва кенг имкониятлар бугун ўз натижасини бермоқда.

– Амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар халқимизни рози қилиш, одамларнинг муаммоларини тинглаш ва уларга ўз вақтида ечим топиш, инсон қадрини улуғлашга қаратилган, – деди Э.Гадоев. – “Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун “Ўзбекистон – 2030” стратегиясига мувофиқ ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш мақсадида ишлаб чиқилган. Қонун билан меҳнат шартномаси электрон шаклда ҳам тузилиши мумкинлиги белгиланмоқда. Электрон шаклдаги меҳнат шартномаси қонунчиликда белгиланган тартибда “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий - аппарат мажмуида расмийлаштирилади.

Қонун билан Меҳнат кодексига «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат мажмуида электрон шаклдаги меҳнат шартномасини расмийлаштириш тартибини жорий этиш, иш ҳақи сақланмайдиган таътил давомийлигини белгилаш тартибини ва ходимнинг ўртача иш ҳақини ҳисоблаш тартибини ўзгартиришни назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Бундан ташқари, «Таълим тўғрисида»ги қонунга ходимлар кечки ёки сиртқи таълим шаклида ўқиши мумкин бўлган таълим ташкилотларининг турларини аниқлаштирувчи ўзгартиришлар киритилмоқда. Шунингдек, ҳомиладорлиги ёки фарзанди борлиги сабабли ходимни ишдан бўшатишга тақиқ жорий этилмоқда.
Шу билан бирга, ишга қабул қилиш чоғида шахснинг паспорти ёки ID-картасини, меҳнат дафтарчасига оид маълумотларни талаб қилмасдан, давлат органлари ва ташкилотлари мустақил равишда, шу жумладан, ахборот тизимларидаги идоралараро интеграциялашув платформалари орқали сўраб олиши белгиланмоқда.

Мазкур қонун фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатлари, меҳнат соҳасидаги муносабатларнинг электрон тизимга ўтиши таъминланишига, давлат органлари ва ташкилотларида ходимни ишга қабул қилишда ноқонуний рад этиш ҳолатлари камайишига, шунингдек, ишга кираётган фуқаролардан ортиқча ҳужжатларни талаб қилиш каби бюрократик тўсиқлар бартараф этилишига хизмат қилади.
Муҳокама якунида мазкур қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА