Сенат: 2026 йилга мўлжалланган давлат бюджетида ижтимоий соҳа мақсадларига устуворлик берилган
Сенат қўмиталарида “2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги”ги қонун кенг муҳокама этилмоқда.
Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси мажлисида давлат бюджетида аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, халқ фаровонлигини юксалтириш, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш ва ижтимоий соҳа мақсадларига устуворлик берилгани алоҳида қайд этилди.
Қишлоқ хўжалигига 3,4 триллион сўм, сув хўжалигига қарийб 10 триллион сўм ҳамда экология ва атроф- муҳитни муҳофаза қилишга 908,6 миллиард сўм ажратилаётгани алоҳида қайд этилди.
Қонун билан насос станцияларида энергия тежамкор ускуналарни ўрнатиш тадбирларига сарфланадиган харажатлар учун 65 миллиард сўм ҳамда қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этиш учун 250 миллиард субсидия ажратилиши назарда тутилмоқда. Бу, ўз навбатида, келгуси йилда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда йўқотишларни камайтиришга хизмат қилади.
Қонунда ер майдонларини янгидан ўзлаштириш ва қишлоқ хўжалигида қайта фойдаланишга киритиш бўйича ирригация-мелиорация тадбирларини амалга ошириш харажатлари учун 50 миллиард сўм ажратилиши назарда тутилмоқда.
Қонун қишлоқ ва сув хўжалиги ҳамда экология соҳаларида устувор этиб белгилаган вазифаларни бажариш, ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш ҳамда тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама рағбатлантиришга, тенг ва адолатли рақобат муҳитини яратишга қаратилган.
***
Сенатнинг Халқаро муносабатлар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси мажлисида келгуси йилда мамлакатимизда туризмни ривожлантириш ва туристлар оқимини кенгайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармасига 100 миллиард сўм трансфертлар ажратилиши қайд этилди.

Муҳокама жараёнида бюджет даромадларини ошириш ва бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди.
Сенаторлар маҳаллий кенгашлар ваколатлари кенгайиб, туманлар ҳамда шаҳарларнинг оммавий дам олишга ва (ёки) туризмга ихтисослаштирилган айрим ҳудудларида мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний шахслар учун белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкаларига Тошкент шаҳри учун белгиланган миқдорларгача ўсиб борувчи коэффициентларни жорий этиш каби қатор ваколатлар берилаётганига ҳам тўхталиб ўтди.
Қўмита аъзолари мазкур қонун мамлакатимизда инвестициявий жозибадорликни ошириш, ташқи иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш ва туризм соҳасида қулай муҳит яратишга хизмат қилишини қайд этди.
Қўмиталарда ўтган муҳокама якунида тегишли қарорлар қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА