Чиқиндидан энергия ишлаб чиқариш йўлга қўйилади
Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида чиқиндиларни экологик хавфсиз қайта ишлаш ва муқобил энергия ишлаб чиқаришга қаратилган йирик лойиҳа янги босқичга кўтарилди. Лойиҳа Жанубий Кореянинг KECC Holding Group ва Geotech Engineering-Design Group компаниялари вакилларининг Боёвутга ташрифи билан бошланган эди. Дастлабки учрашувларда чиқиндиларни биологик усулда чиритиш, полигон газидан электр энергияси ишлаб чиқариш ҳамда ҳудуднинг энергетик салоҳиятини ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Жорий йилнинг январь ойида туман ҳокими Ниёз Ҳазратқулов иштирокида бўлиб ўтган музокараларда ҳам мазкур лойиҳани амалга оширишга доир асосий йўналишлар муҳокама қилинганди. Хусусан, чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш тизимини жорий этиш, чиритиш жараёнида ҳосил бўладиган газдан генераторлар ёрдамида электр энергияси ишлаб чиқариш, шунингдек, ирригация каналлари асосида мини ГЭС лар қуриш бўйича таклиф ва лойиҳалар юзасидан фикр алмашилганди.

Кейинчалик Инновацион ривожланиш агентлиги делегациясининг Жанубий Кореяга хизмат сафари давомида музокаралар изчил давом эттирилди ва лойиҳалар янада такомиллаштирилди. Куни кеча Жанубий Корея делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида томонлар ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Меморандумга мувофиқ, лойиҳа доирасида техник-иқтисодий асослар ишлаб чиқиш, маиший чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш тизимини жорий этиш, полигон газидан электр энергияси ишлаб чиқариш ҳамда мини ГЭС лар қуриш ишлари амалга оширилади. Энг муҳим жиҳати, мазкур лойиҳалар Жанубий Корея ҳукумати грант маблағлари ҳисобига амалга оширилиши режалаштирилган.

Лойиҳа нафақат экологик муаммоларни камайтириш, балки ҳудуднинг энергетик салоҳиятини оширишга ҳамда янги иш ўринлари яратишга қаратилган. Шунингдек, маҳаллий мутахассислар салоҳиятини ошириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ушбу инновацион ташаббус Боёвут туманида экологияни муҳофаза қилиш, энергия самарадорлигини ошириш ва иқтисодий салоҳиятни кенгайтиришда муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда. Лойиҳанинг амалга оширилиши нафақат ҳудуд аҳолисининг турмуш даражасини яхшилайди, балки замонавий технологиялар орқали барқарор ривожланишга ҳам хизмат қилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири