Сайлов кампаниясида опа-сингилларимиз фаол
Республика Хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши, Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Марказий сайлов комиссияси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамкорлигида Тошкент шаҳридаги Президент сайловини ёритиш бўйича Халқаро медиа-холлда “Хотин-қизларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатлари ҳамда сайловларда уларнинг фаоллигини оширишнинг долзарб масалалари” мавзусида очиқ мулоқот ташкил этилди.
Мазкур тадбир хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини, хусусан, электорал маданиятини ошириш соҳасида парламент, жамоат ташкилотлари, ваколатли давлат органлари, қонун ижодкорлиги субъектлари ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти вакилларининг хотин-қизларнинг сиёсий онги ва электорал маданиятини юксалтириш, жамиятда уларнинг фаоллигини янада кучайтириш мақсадида ўтказилди.
Офлайн ва онлайн тарзида ўтказилган тадбирда парламент иккала палата аъзолари, сиёсий партиялар фаоллари, вазирлик ва идоралар вакиллари, Ёшлар парламенти аъзолари, фаол хотин-қизлар, ОАВ вакиллари тўғридан-тўғри қатнашган бўлса, ҳудудий студиялардан Сенат аъзолари, ҳудудий Хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши аъзолари, халқ депутатлари вилоят (туман, шаҳар) Кенгашлари депутатлари, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича доимий комиссия раислари, сиёсий партиялар вакиллари, кенг жамоатчилик, фаол хотин-қизлар иштирок этди.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши раиси Танзила Норбоева очиб берди.
Т.Норбоева ҳозирги вақтда хотин-қизлар мамлакат аҳолисининг қарийб 50 фоизини ташкил этиши, уларнинг барча соҳаларда самарали меҳнат қилиши, шу жумладан, сиёсий бошқарув, ижтимоий-иқтисодий ҳаётда фаолият кўрсатиши учун барча шарт-шароитлар яратилганлиги, сайловларда аёлларнинг ўрни беқиёс эканлигини, бугунги глобаллашув даврида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва янада мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Уларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш давр талабига айланганлигига эътибор қаратди.
Ўзбекистонда аёллар сайлов жараёнларининг барча босқичларида фаол қатнашиши учун эркаклар билан тенг шароитлар яратилганлигини ҳисобга олиб, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришни кучайтириш муҳим масала эканлигига урғу берди.
Таъкидлаш ўринлики, Конституциямизда хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилиги ҳамда фуқаролар ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш, умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқлари асосида яширин овоз бериш каби сайлов ҳуқуқларини амалга оширишнинг асосий принциплари мужассамдир. Мазкур конституциявий нормалар 2019 йилда қабул қилинган Сайлов кодексида тўлалигича ўз ифодасини топган. Аёлларнинг сиёсий ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияда ҳам аёллар барча сайловларда, ҳеч қандай камситишларсиз, эркаклар билан тенг шароитларда овоз бериш ҳуқуқига ҳамда миллий қонунчиликда белгиланган тартибда сайланиш ҳуқуқига эга эканликлари белгилаб қўйилган.
Қайд этиб ўтиш керак, Президент сайлови жараёнида аёлларимиз ҳам сайловчи, ҳам президентликка номзод, ҳам сайлов комиссиясининг аъзоси, ҳам кузатувчи, ҳам ишончли вакил сифатида эркаклар билан тенг шароитда ва эркин иштирок этмоқда. Хусусан, бугунги кунда Президент сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари аъзоларининг 104 нафари ва участка сайлов комиссиялари аъзоларининг 65 минг 974 нафарини хотин-қизлар ташкил этмоқда. 2019 йил Қонунчилик палатасига бўлиб ўтган сайловда участка сайлов комиссияларининг таркибида 54 минг 361 нафар аёл иштирок этган. Бу йилги рақамлар билан ушбу кўрсаткич солиштирилганда, 21,3 фоизга ошганлигини кўриш мумкин.
Ҳозирги вақтда мамлакатимизда хотин-қиз сайловчилар сони қарийб 11 миллион нафарни ташкил этади. Шуни ҳисобга олиб, аёллар, шу жумладан, биринчи марта овоз берадиган қизларнинг сайловда фаол иштирок этиши, ўзлари муносиб, деб топган номзодга овоз бериш имкониятларини тўлақонли рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратиш долзарб аҳамият касб этади.
“Аёл табиатан, хоҳ номзод, хоҳ сайловчи бўлсин, у ўз фуқаролик нуқтаи назарини намоён этмоқни маънавий-ҳуқуқий масъулият деб, ижтимоий-сиёсий фаолликка интилишни эса сайловга зўрма-зўраки чиқиш эмас, балки инсон қалбининг фахрли бир мажбурияти, деб қабул қила оладиган зотдир”, деган сўзлар эришган ва дунё ҳамжамияти тан олаётган ютуқларимизда хотин-қизларимизнинг ҳиссасини ўзига хос тарзда эътироф этади. Сайловларда хотин-қизлар фаол иштирок этиши юртимизда хотин-қизларнинг салоҳиятини янада ривожлантириш, етакчилик қобилиятини кучайтириш, сиёсатчи, раҳбар ва жамоат арбоблари сифатида ўзларини намоён қилишга имкон яратади. Шу билан бирга, мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, ахборот ва мафкуравий ислоҳотлар жараёнида хотин-қизларнинг иштирокини кенгайтиришда ўз самарасини бериши шубҳасиз.
Бўлажак сиёсий жараёнда хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, уларнинг ўз конституциявий ҳуқуқидан эркин фойдаланиши, ўзлари танлаган номзодга овоз бериши учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида маҳаллаларда бир қатор тарғибот тадбирлари ўтказилаётгани қайд этилди.
Шунингдек, хотин-қизларининг сиёсий фаоллигини рағбатлантиришда, энг аввало, сиёсий партияларнинг алоҳида ўрни борлиги, улардаги Аёллар қаноти тузилмалари томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида мутасаддилар томонидан маълумотлар берилди.
Шундан сўнг республикамизда хотин-қизларнинг сайлов ҳуқуқларидан унумли фойдаланиши ва сайлов жараёнларида фаол иштирок этишини таъминлаш борасидаги ишлар муҳокама қилинди. Хусусан, Ватан тақдирига бефарқ бўлмаган хотин-қизларнинг жорий йилнинг 24 октябрида бўлиб ўтадиган Президент сайловида фаол қатнашиб, Янги Ўзбекистоннинг гуллаб-яшнаши, янгидан-янги ютуқлар ва муваффақиятларга эришишида ҳар бирининг ҳиссаси борлиги, дахлдор эканлигини юзага чиқаришда кенг жамоатчилик биргаликда ҳаракат қилиши, айниқса, хотин-қизлар жамоатчилик кенгашлари томонидан ҳар бир маҳалла, қишлоқ ва овулларда, шаҳар ва туманларда хотин-қизларнинг сайловларда фаол иштирокларини таъминлашга қаратилган тадбирларни белгиланган муддатларда кучайтириш лозимлиги таъкидланди.
Тадбир иштирокчилари томонидан яқинлашиб келаётган сиёсий жараёнда опа-сингилларимизнинг фаоллигини ошириш, уларнинг ўз конституциявий ҳуқуқидан эркин фойдаланиши, ўзлари танлаган номзодга овоз бериши учун зарур шарт-шароитлар яратиш каби масалаларда долзарб таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Назокат УСМОНОВА, ЎзА