Савдо-иқтисодий алоқалар ривожланмоқда
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Хитой Халқ Республикасининг Гуандун провинцияси Яшил ишлаб чиқариш саноати ҳамкорлик қўмитаси раҳбари Уильям Линни қабул қилди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Хитой давлат раҳбарларининг олий даражадаги мулоқотлари натижасида икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилгани, айниқса инвестиция, саноат ва савдо соҳаларида қатор истиқболли ташаббуслар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Вилоят ҳокими ўз сўзида ўтган йилнинг 12-19 июнь кунлари Гуандун провинциясига амалга оширган ташрифи давомида ҳудудлараро инвестициявий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган қатор ташаббуслар илгари сурилганини қайд этди. Шунингдек, мазкур ташаббусларни амалга ошириш ва икки ҳудуд ўртасида мустаҳкам шериклик муносабатларини шакллантиришда Уильям Линнинг ҳиссаси алоҳида эканини таъкидлаб, унга миннатдорлик билдирди.

Мулоқот чоғида аввал эришилган келишувларни амалий босқичга олиб чиқиш, бизнес лойиҳаларни ўзаро ишонч ва тенг манфаатли ҳамкорлик асосида жадаллаштириш ҳамда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар саноат, инвестиция, экспорт ва логистика соҳаларида ҳамкорликни янада кенгайтириш юзасидан фикр алмашдилар.
Учрашув якунида Бухоро ва Гуандун ҳудудларида махсус “шоурум”лар ташкил этиш, икки томонлама савдо алоқаларини ривожлантириш, маҳаллий маҳсулотлар тарғиботини кучайтириш ҳамда Бухоро вилоятига йирик ва салоҳиятли инвесторларни жалб қилишга қаратилган истиқболли лойиҳаларни амалга оширишни тезлаштириш бўйича келишувга эришилди.
Гуандун провинцияси билан ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши нафақат икки ҳудуд ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни янги босқичга олиб чиқиши, балки Бухоронинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга ҳам хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири