Саудия: инвестиция, китобхонлик ва дипломатия бир нуқтада туташди
Саудия Арабистонида сўнгги кунларда турли соҳаларни қамраб олган муҳим жараёнлар бир вақтнинг ўзида намоён бўлди. Риёздa ўтган Спорт инвестиция форуми халқаро ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилган бўлса, Жизон минтақасида китобхонлик даражаси юқори натижаларни қайд этди. Шу билан бирга, Жидда шаҳридаги олий даражадаги учрашувлар минтақавий дипломатиянинг фаоллашганини кўрсатди.
“SPA” ахборот агентлиги ёзишича, уч кун давом этган Спорт инвестиция форуми дунё бўйлаб инвесторлар ва спорт индустрияси вакилларини бирлаштирди. Тадбир доирасида стратегик сессиялар, ҳамкорлик платформалари ва инвестиция лойиҳалари муҳокама қилинди. Айниқса, аёллар спортини ривожлантириш, технологиялар ва спорт туризми каби йўналишлар асосий мавзулардан бирига айланди.
Бу жараёнлар фонида Жизон минтақаси мамлакатда китобхонлик бўйича етакчи ҳудуд сифатида қайд этилди. Расмий маълумотларга кўра, аҳолининг катта қисми йил давомида камида битта китоб мутолаа қилган. Янги китоб ярмаркаси ва маърифий ташаббуслар ушбу натижаларга туртки берган омиллардан бири сифатида кўрилмоқда.
Шу кунларда Жидда шаҳрида Саудия валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Сурия президенти билан учрашиб, икки томонлама муносабатлар ва минтақадаги вазиятни муҳокама қилди. Учрашувда ҳамкорликни кенгайтириш ва долзарб масалалар бўйича мувофиқлашувга эришишга алоҳида эътибор қаратилган.
Мусулмон Зиё, ЎзА