Сарҳисоб: эришилган натижалар муҳокама марказида
Президент топшириғи амалда
Тошкент вилояти ҳокимлигида 2026 йилнинг биринчи чораги якунлари ҳамда йил охирига қадар устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда вилоят ҳокими ўринбосарлари, ҳокимлик гуруҳ ва котибиятлари раҳбарлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, бошқарма ва ташкилотлар мутасаддилари, туман ва шаҳар ҳокимлари, саноат зоналари, банк-молия муассасалари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев кенг қамровли таҳлилий маъруза қилди. Асосий эътибор Президентимиз раислигида шу йил 24 апрель куни ҳудуд ва тармоқларда иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича биринчи чорак якунлари таҳлили ва йил якунига қадар устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида қайд этилган камчиликларни бартараф этиш ва белгилаб берилган галдаги вазифалар ижросини таъминлашга қаратилди. Хусусан, иқтисодий ўсишни таъминлаш, инфляцияни жиловлаш, иш ўринлари яратиш, экспортни кўпайтириш, инвестиция сифати ва тадбиркорлар муаммоларини ҳал қилиш масалалари муҳокама ва мунозара марказида бўлди.
Қайд этилганидек, 2026 йилнинг I чорагида вилоят иқтисодиётида ижобий ўсиш динамикаси кузатилди. Ялпи ҳудудий маҳсулот 43,2 триллион сўмни ташкил этиб, ўсиш суръати 7,6 фоизга етди. Саноат ҳажми 42,9 триллион сўм бўлиб, 7,8 фоиз ўсиш таъминланди. Хизматлар соҳаси 19,8 триллион сўмга етди ва 15,1 фоизга ўсди. Қишлоқ хўжалиги 7,4 триллион сўм (+2,4%), қурилиш ишлари ҳажми 6,6 триллион сўм (+7,3%) ни ташкил этди.

Шунингдек, 709 миллион долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, белгиланган режа 156 фоизга бажарилди, экспорт ҳажми эса 337,7 миллион долларни ташкил этди ва 6 фоизга ўсди.
Таҳлилларга кўра, мавжуд имкониятлар тўлиқ ишга солинмаяпти. Масалан, 8 та ҳудудда саноат прогнозлари бажарилмаган ва 1 триллион сўмдан ортиқ қиймат яратилмай қолган. 97 та корхона тўлиқ қувватда ишламаган. 40 та корхонада ишлаб чиқариш ҳажми 1,4 триллион сўмга камайган. Айрим ҳудудларда саноат штаблари самарасиз ишлаётгани, тадбиркорлар мурожаатлари ўз вақтида ҳал этилмаётгани танқид қилинди.
Вилоятда йиллик инфляция 6,8 фоизни ташкил этган бўлса-да, айрим озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг кескин ошиши кузатилган. Масалан, гўшт маҳсулотлари 14 фоизгача, сабзи 10 фоизга, айрим ҳудудларда эса пиёз нархида ўзгариш бор.

Йиғилишда инвестиция ва экспорт йўналишидаги жиддий муаммолар ҳам кўрсатиб ўтилди. 75 та инвестиция лойиҳаси бўйича молиялаштириш очилмаган. Шунингдек, 11 та лойиҳалар инфратузилмадаги муаммолари сабабли бошланмаган. Ҳудуд бўйича 2025 йилда 95,5 миллион доллар экспорт қилган 205 та корхонада экспорт ўтган йилга нисбатан камайган
Зойир Мирзаев ўз нутқида энергетика ва коммунал соҳадаги муаммоларга ҳам алоҳида тўхталди. Хусусан, Электр энергияси йўқотишлари 10 фоизни ташкил этган бўлса-да, айрим ҳудудларда бу кўрсаткич 20-23 фоизга етгани айтилди. Шунингдек, электр энергияси бўйича қарздорлик деярли камаймаган, табиий газ бўйича қарздорлик эса республикада энг юқори даражада сақланиб қолмоқда. Микро ГЕС лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш борасидаги ишлар суст.

Таъкидланганидек, вилоятда иқтисодий ўсиш учун катта салоҳият мавжуд. Бироқ, масъулларда ижро интизомининг талаб даражасида бўлмаётгани, режалаштириш тизими етарли эмаслиги, раҳбарларда ташаббус ва шахсий масъулият етишмаётгани муаммоларнинг асосий негизи сифатида қайд этилди. Кўплаб раҳбарлар ва мутасаддиларнинг мавжуд вазиятга изоҳи ва ҳисоботлари тингланди.
Йиғилиш якунида биринчи чорак якунлари бўйича мақсадли кўрсаткичлар таъминланишида хато ва камчиликларга йўл қўйган вилоят ташкилотлари ҳамда ҳудудий мутасаддиларга қонунчиликда белгиланган тартибда интизомий жазо кўрилиши маълум қилинди.
А. Мусаев, ЎзА.