Санкт-Петербургда МДҲ давлат ахборот агентликлари вакиллари йиғилиши ўтказилди
Шу кунларда Россия Федерацияси шимолий пойтахтида давом этаётган “Петербург халқаро иқтисодиёт форуми-2026” доирасида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат ахборот агентликлари раҳбарлари Кенгашининг XXXIV йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда тузилмага аъзо мамлакатлар етакчи ахборот агентликлари вакиллари МДҲ Ижроия қўмитаси масъуллари иштирокида замонавий медиа майдони ва ҳамкасбларимиз олдида турган қатор долзарб масалаларни муҳокама қилдилар.
[gallery-29793]
Хусусан, “Сунъий интеллект ва журналист этикаси: давлат ахборот агентликлари фаолиятида СИ тизимидан фойдаланиш бўйича илғор тажриба ва истиқбол” мавзуси таҳлили, шунингдек “Фактчекинг халқаро уюшмаси” (Global Fact-Checking Network, GFCN) фаолияти мисолида айни йўналишда касбий журналистика тамойилига риоя этиш билан боғлиқ ҳолатлар тўғрисидаги мунозара иштирокчилар диққатини тортди.
МДҲ Ижроия қўмитаси Ахборот ва ахборотлаштириш бўлими бошлиғи Игорь Григорьев Ташкилотнинг 35 йиллигига бағишлаб режалаштирилган махсус тадбирлар ва ташкилот доирасидаги бошқа анжуманлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Шунингдек, мажлис кун тартибидан ўрин олган, МДҲ давлат ахборот агентликлари раҳбарлари Кенгаши раиси, ТАСС Бош директори Андрей Кондрашов ва МДҲ мамлакатлари сектори раҳбари Борис Грушин томонидан тақдим этилган Кенгаш лойиҳаларининг амалга оширилиши ҳолати тўғрисидаги ахборот ҳам йиғилганларда алоҳида қизиқиш уйғотди. Шу жараёнда МДҲ 35 йиллиги муносабати билан тайёрланган махсус фото кўргазма ва янги шакл-шамойил касб этган АНИА веб-сайти тантанали тақдимоти ҳам намойиш этилди.
Йиғилиш сўнгида Кенгашнинг навбатдаги мажлисига Қирғизистон мезбонлик қилиши эълон қилинди.
Ғайрат Хонназаров, ЎзА
Санкт-Петербург, Россия