Санитария-эпидемиология соҳасини ривожлантириш — замон талаби ва жамоат саломатлиги кафолати
Дунёда жамоат саломатлигини муҳофаза қилиш ва санитария-эпидемиология соҳасини ривожлантириш масаласи тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Айниқса, яқинда бутун инсоният бошдан кечирган COVID-19 пандемияси мавжуд тизимларнинг қай даражада тайёр эканини синовдан ўтказди ва бу соҳадаги камчиликларни яққол намоён қилди. Пандемия шароитида тезкор диагностика, замонавий лабораториялар ва мустаҳкам инфратузилманинг аҳамияти беқиёс экани исботланди.
Шу боис, санитария-эпидемиология хизматларини модернизация қилиш, лаборатория имкониятларини кенгайтириш ва фавқулодда ҳолатларга тайёрлик даражасини ошириш бугунги куннинг устувор вазифаларидан бирига айланди.
Ана шулардан келиб чиқиб мамлакатимизда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ва БМТнинг Лойиҳаларни амалга ошириш бўйича идораси (UNOPS) “COVID-19 га фавқулодда жавоб” лойиҳаси доирасида лаборатория ва жамоат саломатлиги муассасаларини модернизация қилиш бўйича ҳамкорлик қилмоқда.

Ҳамкорлик доирасида касалликларни назорат қилиш, лаборатория диагностикаси ва жамоат саломатлиги тизимини кучайтириш борасида сезиларли натижаларга эришилди. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Мафтуна Саидова бу борада амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди:
– Лойиҳанинг инфратузилма қисми доирасида ҳозиргача қўмитанинг 265 та муассасаси замонавий лаборатория стандартларига мослигини аниқлаш учун баҳоланди. Ушбу баҳолаш натижасида реконструкция ва янги қурилиш учун 45 та устувор объект танлаб олинди.
2025 йилда барча 45 та объект учун лойиҳа ҳужжатлари якунланди ва улар замонавий биохавфсизлик ҳамда лаборатория талабларига мос равишда ишлаб чиқилди. 2025 йилдан ҳозирги кунгача 44 та объект бўйича қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилмоқда. 2026 йил март ҳолатига кўра, 6 та объект тўлиқ якунланди.
Шулардан бири — Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Бухоро вилояти бошқармаси бўлиб, ушбу объектга жами 2,2 миллион доллар миқдорида инвестиция киритилди. Лойиҳа икки йўналишда амалга оширилди: янги лаборатория биносини қуриш ва мавжуд лабораторияларни реконструкция қилиш.
Янги қурилган уч қаватли бинода хавфли инфекциялар, радиология ҳамда санитария-гигиена таҳлиллари учун махсус лабораториялар жойлашган. Шу билан бирга, мавжуд вирусология, паразитология ва бактериология лабораториялари ҳам модернизация қилиниб, иш шароитлари яхшиланди ва лаборатория фаолияти самарадорлиги оширилди.
Қолган объектларда ҳам ишлар давом этмоқда. Яна 4 та объектни 2026 йил май ойига қадар якунлаш режалаштирилган, қолганлари ҳам йил давомида топширилади.
UNOPS инфратузилма ишларини халқаро сифат, хавфсизлик ва экологик бошқарув стандартларига мувофиқ амалга оширишда кўмаклашмоқда. Бу эса янгиланган муассасалар замонавий лаборатория ва биохавфсизлик талабларига жавоб беришини таъминлайди. Лойиҳанинг инфратузилма қисми қиймати 77,7 миллион долларни ташкил этиб, у бутун мамлакат бўйлаб санитария-эпидемиология муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва модернизация қилишни қамраб олади.
Мазкур ишлар 2022-2026 йилларда амалга оширилаётган кенг қамровли лойиҳа таркибига киради. Лойиҳа Осиё тараққиёт банки (ADB) ва Осиё инфратузилма инвестиция банки (AIIB) томонидан Ўзбекистон ҳукуматигa ажратилган 160 миллион доллар кредит маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмоқда.
Лойиҳанинг асосий мақсади санитария-эпидемиология тизимини мустаҳкамлаш бўлиб, лаборатория инфратузилмасини модернизация қилиш, тиббий ва нотиббий ускуналарни харид қилиш, рақамли тизимларни жорий этиш, кадрлар малакасини ошириш ҳамда фавқулодда вазиятларга тезкор жавоб бериш имкониятларини яхшилаш орқали амалга оширилади.
Буларнинг барчаси аҳоли учун аниқ тест натижалари, соғлиқ учун хавф туғдирувчи ҳолатларга тезкор жавоб ва касалликлар тарқалишидан янада ишончли ҳимоя деганидир.
Моҳигул Қосимова, ЎзА