Санитария-эпидемиология соҳасида кадрлар салоҳиятини ошириш — устувор йўналиш
Ҳар қандай соҳанинг ривожи, энг аввало, кадрлар салоҳиятига бевосита боғлиқ. Айниқса, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги йўналишида малакали мутахассисларни тайёрлаш, уларнинг билим ва кўникмаларини мунтазам ошириб бориш устувор аҳамият касб этади. Шу боис, мазкур соҳада кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, халқаро тажрибани жорий этиш ва ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
2025 йилда санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази томонидан халқаро ҳамкорлик доирасида қатор муҳим натижаларга эришилди.
Жумладан, ЖССТ, UNICEF, UNOPS, KOICA каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Шунингдек, Германия, Нидерландия, Корея, Малайзия ва Беларусь давлатлари билан меморандумлар имзоланди.
Йил давомида 40 нафар халқаро эксперт иштирокида Кенгаш йиғилиши ўтказилиб, марказда малака ошириш жараёнига халқаро ёндашувлар тақдим этилди.
Халқаро лойиҳалар доирасида UNOPS тендерида ғолиблик қўлга киритилди. 100 нафар эпидемиолог ўз малакасини оширди, 60 нафар лаборатория мутахассиси ўқитилди.
ЖССТ билан ҳамкорликда лабораториялар етакчилари ва раҳбарлари учун глобал дастур (GLLP) амалга оширилди. Танловда иштирок этган 80 нафар иштирокчидан жамоат саломатлиги, ветеринария ва ўсимликлар карантини соҳалари бўйича 20 нафар ғолиб аниқланди. Уларнинг 18 нафари лаборатория раҳбарлари сифатида 9 та модул бўйича қайта тайёрланди. Мавзулар юзасидан илмий-тадқиқот ишлари ҳам олиб борилди.
Семинар ва тренинглар доирасида 24 нафар халқаро эксперт иштирокида масофавий ўқитиш машғулотлари ташкил этилди. HACCP ва озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича семинарларда 43 нафар иштирокчи қатнашди. Корея мутахассислари иштирокида амалий тренинглар ўтказилди.
KOICA ҳамкорлигида 100 га яқин мутахассис ТОТ босқичларида ўқитилди. Илмий-тадқиқот ва эпидемиология йўналишида 40 нафар мутахассис хорижий дастурлар асосида тайёрланди.
Илмий ва инновацион фаолият доирасида давлат дастурлари учун янги лойиҳалар шакллантирилди ҳамда илмий-тадқиқот ишлари амалга оширилди.
Жамоатчилик ишлари доирасида “Тоза ликопча” акцияси ўтказилиб, аҳоли ўртасида соғлом овқатланиш тарғиботи кучайтирилди.
Шунингдек, ўқув дастурларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. “Биологик хавфсизлик ва ҳимоя” йўналишида халқаро тажриба асосида 36 соатлик курс ишлаб чиқилди. UNICEF билан ҳамкорликда янги ўқув дастури яратилди. Бундан ташқари, 36 ва 144 соатлик “Озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигига қўйиладиган гигиеник талаблар” мавзусида янги ўқув дастурлари ишлаб чиқилди.
Мазкур натижалар соҳада кадрлар салоҳиятини ошириш, илмий ёндашувларни жорий этиш ва халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА