Самарқанддаги компаниялар Гродно чорвачилигига инвестиция киритади
Шу кунларда Беларусь республикасида хизмат сафарида бўлиб турган Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев ушбу мамлакат қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазири ўринбосари Виталий Кулак билан учрашди.
Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, учрашувда томонлар тўғридан-тўғри ишлаб чиқариш алоқаларини ривожлантириш ва қўшма аграр лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилган.
Хусусан, Самарқанд вилояти ҳокими Беларусдан наслли қорамоллар етказиб беришни кенгайтириш, гўшт маҳсулотларини импорт қилиш, селекция ва генетика соҳаларида ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф қилди. Вилоятдаги “Chorva sut servis” ва “Marokand MIT” компаниялари Беларуснинг Гродно вилоятида чорвачилик мажмуаларига инвестиция киритиши, кейинчалик бу ердаги тажриба ва технологияларини Ўзбекистонда жорий этишга тайёр экани билдирилди.


Беларусь қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазири ўринбосари Виталий Кулак ушбу таклифларни қўллаб-қувватлаб, Ўзбекистон билан мазкур йўналишдаги ҳамкорлик кенгайиб бораётганини таъкидлади.
Шунингдек, сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар ташкил этиш, “Беллакт” компанияси иштирокида болалар озиқ-овқат маҳсулотларини маҳаллийлаштириш, Самарқанддан Беларусь бозорига қуритилган мевалар, ёнғоқлар ва чуқур қайта ишланган маҳсулотлар экспортини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Беларусь қишлоқ хўжалиги техникасини етказиб бериш ва сервис хизматларини йўлга қўйишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Самарқанд вилояти ҳокими сафар давомида “Белинвестбанк” очиқ акциядорлик жамияти раҳбари ҳамда “Беллегпром” концерни раиси билан ҳам учрашувлар ўтказиб, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришгани хабар қилинмоқда.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири