Самарқандда “зангори ёқилғи”дан ноқонуний фойдаланиш ҳолатига чек қўйилди
Самарқанд вилоятида энергия ресурсларидан самарали ва қонуний фойдаланиш устидан назоратни кучайтиришга қаратилган тадбирлар изчил давом этмоқда.
Ана шундай назорат тадбирларидан бири Самарқанд туманида ўтказилиб, йирик миқдордаги қоидабузарлик фош этилди.
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ ахборот хизматига кўра, туманнинг “Ширинобод” МФЙда жойлашган “С. И. Д.” оилавий корхонасига қарашли паррандачилик фермасида табиий газдан фойдаланиш ҳолати ўрганилганда, истеъмолчи лойиҳа-техник ҳужжатларисиз, таъминот корхонаси билан шартнома тузмасдан “зангори ёқилғи”дан ноқонуний фойдаланаётгани аниқланган.
Айни пайтда ҳолат бўйича далолатнома тузилиб, 1,1 миллиард сўмлик табиий газ ҳажмлари қайта ҳисоб-китоб қилинди. Барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА