Самарқанд вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ташкил этилганлигининг 9 йиллиги муносабати билан Тойлоқ туманидаги Миллий гвардия қўшинлари ҳарбий қисмида тантанали маросим ўтказилди.

Миллий гвардия Самарқанд вилояти бошқармаси, туман ҳокимлиги раҳбарлари ҳарбий қисм ходимларини табриклаб, юртимиздаги тинчлик-барқарорлик, жамоат хавфсизлигини сақлашдаги хизматларини эътироф этди.
***
Жомбой туманида жойлашган, Ички ишлар вазирлигига қарашли 38-манзил колониясида Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан маданий-маърифий тадбир ўтказилди.

Маҳкумлар ҳамда манзил-колония шахсий таркиби қатнашган тадбирда мустақилликнинг аҳамияти ва юртимиздаги ислоҳотлар жараёнлари ҳақида сўз юритилди. 19-сон мусиқа ва санъат мактаби иқтидорли ўқувчилари томонидан тайёрланган байрам дастури, Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар ижро этилди. Тадбирда, шунингдек, китоб ярмаркаси ҳам ташкил қилинди.
***
Самарқанд шаҳрида Самарқанд ва Жиззах вилоятларидаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ходимлари учун “Адаптив ижтимоий ҳимоя ва иқлим ўзгаришларига мослашиш” мавзусида семинар-тренинг ўтказилмоқда.

Тадбирда иқлим ўзгаришлари шароитида аҳолининг эҳтиёжманд ва заиф қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш, фуқаролар ҳаётига таъсир этувчи экологик хавфларни баҳолаш ҳамда фавқулодда вазиятларда манзилли ижтимоий хизматлар кўрсатиш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири