Хоразм вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Хоразмда никоҳлар сони камайди. Вилоятда 2026 йилнинг январь-июнь ойларида қайд этилган никоҳлар сони 5 минг 900 тани ташкил этиб, аҳолининг ҳар мингта кишисига нисбатан никоҳ коэффициенти 5,7 промиллени ташкил этди.
Энг кўп никоҳ қайд этилган ҳудудлар:
Қўшкўпир тумани – 612 та
Хонқа тумани – 593 та
Урганч тумани – 588 та
Ҳазорасп тумани – 572 та
Хива тумани – 552 та
Шовот тумани – 550 тани ташкил этган
Вилоятда никоҳлар сони 2025 йилнинг мос даврига нисбатан мингтага камайган.
***
Хоразм вилоят маъмурий суди томонидан Пенсия жамғармасининг вилоят бошқармасида қонунчиликни тўғри қўллаш, фуқароларнинг пенсия таъминотига оид ҳуқуқларини таъминлаш, коррупциянинг олдини олиш ҳамда низоларни судгача ҳал этиш масалаларига бағишланган очиқ мулоқот ўтказилди.

Унда вилоят ва Урганч туманлараро маъмурий судлари судьялари ҳамда бошқарманинг масъул ходимлари иштирок этди.
Мулоқот давомида «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида белгиланган вазифалар, пенсия тайинлаш ва қайта ҳисоблаш билан боғлиқ масалаларда қонунчилик талабларига қатъий риоя қилиш, мурожаатларни ўз вақтида ҳал қилиш муаммолари муҳокама қилинди.
Шунингдек, маъмурий судларда Пенсия жамғармаси органлари қарорлари ва ҳаракатлари билан боғлиқ низоларнинг келиб чиқиш сабаблари ва олдини олиш чоралари юзасидан фикр алмашилди.

***
Янгиариқ туманида O‘zLiDeP ташаббуси билан ўтказилган “Ишбилармон аёл – 2026” кўрик-танловининг туман босқичи ғолиблари аниқланди. Танловда маҳаллалардаги фаол ва ташаббускор тадбиркор аёллар иштирок этиб, ўз бизнес лойиҳалари ва маҳсулотларини тақдим этди.
Тадбир хотин-қизларнинг тадбиркорлик соҳасидаги билим ва кўникмаларини намоён этиш, уларни янги ғоялар сари рағбатлантириш ҳамда маҳаллаларда бандликни таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

Танлов давомида иштирокчилар томонидан тақдим этилган бизнес лойиҳалари ва маҳсулотлар ҳакамлар ҳайъати томонидан муносиб баҳоланди.
Якуний натижага кўра, Савган маҳалласидаги тадбиркор Марямжон Худайназарова биринчи ўринни эгаллади.

Ғолиб ва фаол иштирокчилар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
***
Хива шаҳар ҳокими Темур Давлетов “Долзарб 40 кунлик” доирасида мутасадди идора ва ташкилотлар раҳбарлари билан биргаликда кўҳна шаҳарнинг Қибла Тозабоғ, Шихлар ва Ангарик маҳаллаларида ободонлаштириш ишларини кўздан кечирди.

Ташриф давомида аҳоли хонадонларида олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари, томорқаларни тартибга келтириш, санитария-гигиена ҳолатини яхшилаш ҳамда ҳудудларнинг озодалигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.

Шунингдек, аниқланган камчиликларни қисқа муддатда бартараф этиш, хонадонлар ва кўчалар ободлигини янада ошириш ҳамда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш юзасидан масъул раҳбарларга тегишли топшириқлар берилди.
А.Шокиров, ЎзА мухбири