Самарқанд барча соҳада намуна бўлиши зарур
Ташрифдан ташрифгача
Давлатимиз раҳбари бу фикрни ўтган йил 25 ноябрь куни вилоятга ташрифи чоғида Ургутда ўтказилган йиғилишда алоҳида қайд этганди.
Аслида Президентимизнинг ҳудудларга амалга оширадиган ташрифлари жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, бу жараёнда юзага келаётган масалаларни жойида ҳал этиш ва келгуси режаларни белгилаб олиш, аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиш учун қулай фурсат ҳисобланади. Ургутдаги йиғилишда ҳам вилоятнинг ҳар бир туман ва шаҳридаги ишларга эътибор қаратилиб, ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилганди, режалар белгилаб олинганди.
[gallery-28206]
Белгиланган вазифалар ижроси доирасида ўтган давр мобайнида муайян ишлар амалга оширилди. 2025 йил якуни билан вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 121,5 триллион сўмни ташкил этди. 2,5 миллиард АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция жалб қилиниб, 1 миллиард 151 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди.
“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури асосида 101 та маҳалла обод қилинди. 14,2 минг оилага 32,1 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратиш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка ўргатиш орқали 239,4 минг нафар оила аъзолари камбағалликдан чиқарилди. Ўтган йил бошида вилоятда камбағаллик даражаси 7,5 фоизни ташкил этган бўлса, бу йил бошида бу рақам 3,6 фоиз бўлиб турибди. Йил якунига қадар камбағаллик даражасини 2 фоизга тушириш мақсад қилинган.
Ўтган йил вилоятда давлат дастурлари асосида 936 та объект янгидан барпо этилди. 12,9 минг хонадонли кўп қаватли уйлар қуриб фойдаланишга топширилди. Узоқ вақт эътибордан четда қолган Самарқанд шаҳрининг темирйўл орти ҳудудида реновaция дастури асосида амалий ишлар бошланди. Бу ерда 301 гектар майдонда юз минг аҳоли учун 31 мингта хонадон, шунингдек, замонавий лойиҳалар асосида мактаб, мактабгача таълим ташкилотлари, кўп тармоқли тиббиёт маркази, олий таълим муассасаси, спорт соғломлаштириш масканлари, кўп қаватли автотураргоҳлар, маданият ва истироҳат боғлари, экобозор, савдо ва кўнгилочар марказлар барпо этилади.
Шаҳарнинг “Ширин” массивида ҳам бугун аҳоли тураржойлари, корхона ва ташкилотлар учун бинолар қурилиши бошланди. Айни пайтда ушбу массивни шаҳар маркази билан боғлаш учун Қорадарё устидан 577 метрли кўприк қурилмоқда ва уни йил якунига қадар фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Бундан ташқари, Абу-Даби тараққиёт жамғармаси иштирокида Самарқанд шаҳрида сув таъминоти тизимлари ва йўл тармоқларини модернизация қилиш лойиҳаси бўйича умумий қиймати 225 миллион АҚШ долларига тенг қурилиш-пудрат ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳа асосида иккита туннель, тўртта пиёдалар ер ости ўтиш йўли қурилди. 12 километр оқова тизими ва яна шунча масофада ичимлик суви тармоқлари янгиланди. 12 километр магистрал йўл қурилиши давом этмоқда. 22 километр пиёдалар йўлаклари қурилди.
Самарқанд шаҳрининг 20 йилдан буён иситиш тизими бўлмаган Сартепа, Сўғдиёна, Микрорайон “А”, “Б” ҳудудлари, темирйўл атрофидаги кўп қаватли уйларни марказлашган тизимга улаш бўйича ишларнинг биринчи босқичи якунланиб, 93 та уйга иссиқлик таъминоти ва иссиқ сув етказиб бериш имконияти яратилди.
Ўзбекистон кўчасидаги собиқ ҳарбий госпитал ўрнида истироҳат боғи барпо этилди. Имом Бухорий мажмуаси ва Маҳдуми Аъзам зиёратгоҳларида қурилиш-ободонлаштириш ишлари якунига етказилиб, зиёратчилар учун ҳар томонлама қулай шароит яратилди. Давлатимиз раҳбарининг қарори асосида айни пайтда Самарқанд шаҳридаги Имом Мотуридий мажмуаси қайтадан бунёд этилмоқда.
Президентимиз ўтган йилги ташрифи чоғида Ургут тумани марказига “Янги Ўзбекистон” қиёфасини олиб кириб, уни юртимиздаги энг замонавий ва кўркам шаҳарлардан бирига айлантириш бўйича алоҳида қарор имзолаганини айтганди. Ушбу қарор асосида туманнинг Қуйи Камангарон маҳалласидаги “Янги Ўзбекистон” массивига туташ ҳудуддан 90 гектар қўшимча жой ажратилиб, замонавий урбанистика асосида 100 минг аҳолига мўлжалланган замонавий эко-шаҳар барпо этишга киришилди. Бу ерда 3 гектар майдонда туманнинг 35 та ташкилоти учун ягона маъмурий марказ қурилади.
Ўтган йил 27 декабрь куни давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни янада жадаллаштириш тўғрисида”ги қарор асосида айни пайтда барча туман ва шаҳарларда белгиланган вазифалар ижрога қаратилган. Бунда ҳар бир туман (шаҳар) ихтисослашуви, географик жойлашуви, табиий хомашё ва ер ресурслари ҳамда инфратузилмавий имкониятларидан келиб чиқиб, қиёсий устунлиги асосида “намунали ва методик” ҳудудга айлантирилмоқда.
Хусусан, Ургут туманидаги Жартепа чегара божхона постига туташ ҳудудда 10 гектар майдонда “Жартепа” эркин савдо зонаси ташкил этилмоқда. Булунғур тумани Ғўбдин массивидаги 100 гектар ер майдони “Ургут” эркин иқтисодий зонаси таркибига ўтказилиб, бу ерда юқори қўшилган қийматли, экспортга йўналтирилган лойиҳалар жойлаштирилиши, Нарпай туманидаги “Зирабулоқ” темир йўл станцияси атрофида жойлашган бўш турган бино ва иншоотлар негизида халқаро тажриба асосида хусусий сектор томонидан бошқариладиган саноат зонасини ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда.
Ўтган йил вилоятга 5,3 миллион маҳаллий ва 3 миллиондан ортиқ хорижлик сайёҳ келди. Бу 2024 йилга нисбатан 52 фоизга кўп деганидир. Бунга туризмни кенг оммалаштиришга қаратилган 30 дан ортиқ халқаро фестиваль ва маданий тадбирлар ўтказиш, янги туристик йўналишлар ташкил этиш орқали эришилди. Жорий йилда туризмни янада ривожлантириш ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш мақсадида 60 та янги инвестицон лойиҳа амалга оширилади. 8 та кўчани 24/7 тизимида ишловчи туризм кўчаси сифатида ташкил этиш режалаштирилган. 20 та янги меҳмонхона, 96 та меҳмон уйи, 38 та хостел ташкил этилади. Бу орқали Самарқандга келадиган хорижлик сайёҳлар сонини 5 миллион нафарга, маҳаллий сайёҳларни эса 6 миллион нафарга етказиш кўзда тутилган.
Давлатимиз раҳбарининг Самарқандга бу галги ташрифи ҳам вилоятни янада ривожлантириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш, ҳудудлар тараққиётини жадаллаштириш ва, энг муҳими, аҳоли турмуш даражасини оширишга катта туртки бериши кутилмоқда.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари