Самарали ҳамкорлик минтақада экологик хавфларни бошқариш имконини беради
Муносабат
Марказий Осиё давлатлари азал-азалдан яқин қўшничилик, маданий яқинлик асосида шаклланган тарихий маконда жойлашган. Шу боис, бу минтақадаги давлатлар ўртасидаги муносабатлар фақатгина сиёсий ёки иқтисодий эмас, балки чуқур цивилизацион илдизларга эга.
Марказий Осиё давлатлари учун сув ресурсларининг тақсимоти, иқлим ўзгаришлари, чўлланиш жараёнлари ва биохилма-хилликни сақлаш каби вазифалар азалий умумий масала бўлиб келган. Минтақамизда иқлим масаласи энди алоҳида бир соҳа муаммоси сифатида эмас, балки бутун тараққиёт моделини белгилаб берувчи асосдир.
Сўнгги йилларда сув ресурсларининг қисқариши, ҳароратнинг ошиши ва ерларнинг деградацияси иқтисодий ўсиш суръатлари ҳамда аҳоли фаровонлигига бевосита таъсир кўрсатмоқда. Жорий йил 22 апрель куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган минтақавий экологик саммитда давлат раҳбарлари томонидан бу каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Саммит “Барқарор келажак учун умумий нигоҳ” ғояси асосида ташкил этилди. Ушбу ёндашув шундан иборатки, экологик таҳдидлар табиати жиҳатидан трансчегаравий бўлиб, уларни бартараф этиш якка тартибда эмас, балки мувофиқлаштирилган ҳолда амалга оширилиши зарур. Масалан, Туркманистоннинг Қорақум чўлида кўтарилган қум ва чанг Хоразм, Қорақалпоғистон Республикаси ва Бухоро вилояти ҳудудигача етиб келиши мумкин. Шунингдек, Навоий вилоятидаги Қизилқум чўлидан шамол таъсирида ҳавога кўтарилган қумли бўронлар Қозоғистоннинг жанубий қисми, Туркманистоннинг шимолий ва шарқий ҳудудлари ҳамда Қирғизистоннинг ғарбий қисмигача тарқалиши кузатилади. Бу ҳолат экологик барқарорликни таъминлашда минтақавий ҳамкорлик жуда муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатади.
Қозоғистон мезбонлигида бўлиб ўтган минтақавий экологик саммит Самарқанд иқлим форумида бошланган мулоқотнинг мантиқий давоми бўлиб, Марказий Осиёда экологик дипломатия мазмунан янги босқичга кўтарилаётганини кўрсатди.
Президентимизнинг саммитдаги нутқи чуқур таҳлилларга асосланган ва аниқ амалий таклифларга бой бўлгани билан алоҳида ажралиб турди. Жумладан, давлатимиз раҳбари Марказий Осиёда ҳарорат ўсиши жаҳон ўртача кўрсаткичига нисбатан икки баробар тез кечаётганини алоҳида таъкидлади. Сўнгги ўн йилликларда музликлар сезиларли қисқариб, бу эса дарёлар оқимига ва сув таъминотига бевосита таъсир кўрсатаётгани ҳам айтиб ўтилди. Ўзбекистон Президенти ўз нутқида ер майдонларининг 80 миллион гектари деградацияга учрагани аграр сектор ва озиқ-овқат хавфсизлиги учун жиддий сигнал сифатида қаралиши лозимлигига урғу берди.
Сув ресурслари масаласи эса алоҳида таҳлил қилинди. Унга кўра, 2040 йилга бориб Орол денгизи ҳавзасида сув тақчиллиги қарийб икки баробарга ошиб, йилига 20 миллиард куб метрга етиши мумкин. Бу рақамлар ортида иқтисодий ва ижтимоий хавфлар турибди, масалан, ичимлик суви таъминоти, қишлоқ хўжалиги, энергетика тизими ва аҳоли бандлигига бўладиган таъсир.
Айни шундай шароитда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар алоҳида мисол сифатида келтирилди. Қисқа вақт ичида суғориладиган ерларнинг 60 фоизида сув тежовчи технологиялар жорий қилингани, ирригация тармоқларининг 40 фоизгача бетонлаштирилгани соҳада тизимли ёндашув шаклланганини кўрсатади. Энг муҳим натижа эса ҳар йили 10 миллиард куб метрдан ортиқ сув тежалаётгани айтиб ўтилди. Бу ҳажмни 2030 йилгача 15 миллиард куб метрга етказиш режаси қўйилган.
Давлатимиз етакчиси саммит доирасида илгари сурган ёндашувлар фақат техник чоралар эмас, албатта. Президент томонидан таъкидланган “сув маданияти” тушунчаси бу борадаги энг муҳим ғоялардан бири бўлди. Муаммонинг ечими инсоннинг кундалик одатларида эканига урғу берилди. Агар сувдан фойдаланиш маданияти ўзгармаса, энг илғор технологиялар ҳам чекланган натижа беради. Шу боис, таълим тизими, қонунчилик ва жамоатчилик назорати уйғунлашган ҳолда ишлаши кераклиги алоҳида қайд этилди.
Саммитда илгари сурилган ташаббуслар эса амалиётга қаратилгани билан ажралиб турди. Дарҳақиқат, бугун Ўзбекистон экологик барқарорликка эришиш, атроф-муҳит муҳофазасини таъминлаш борасида қуруқ таклиф ва ғоя бермаяпти. Аксинча, ўз тажрибасида амалга оширган, натижа берган, халқ тилида айтганда эса “ишлаган” аниқ мисолларни минтақада жорий этишни таклиф этмоқда. Бу эса янги ёндашувларни ишлаб чиқиш ва узоқ муддатли синовлар ўтказишга кетадиган вақт ва ресурсларни қисқартириш имконини беради.
Масалан, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ҳамда Орол денгизи қуриган тубида ўрмонзорлар барпо этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар минтақанинг ўхшаш табиий-иқлим шароитига эга ҳудудларида ҳам татбиқ этилиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
“Марказий Осиёнинг тоза ҳавоси” консорциумини ташкил этиш таклифи саноатни модернизация қилиш, ҳавога чиқарилаётган зарарли моддаларни қисқартириш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга хизмат қилади. Бу ерда экологик сиёсатнинг ижтимоий ўлчами аниқ кўриниб турибди.
Ўзбекистондаги Яшил университет ҳузурида фаолият юритаётган Чўлланишга қарши курашиш, қурғоқчиликнинг олдини олиш ҳамда қум ва чанг бўронлари ҳақида барвақт огоҳлантириш марказига минтақавий мақом бериш ташаббуси эса илмий салоҳиятни бирлаштиришни назарда тутади. Бу қарорлар қабул қилиниш жараёнида илмий асосларни кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, “яшил савдо йўлаги”ни шакллантириш, ягона инвестиция портфелини яратиш, минтақавий экологик атлас ишлаб чиқиш, “Марказий Осиё Қизил китоби”ни тайёрлаш каби ташаббуслар ҳамкорликни институционал даражага олиб чиқади. Бу ерда бир муҳим жиҳатга эътибор қаратиш лозим.
Бугун мамлакатимизда экологик кун тартиби иқтисодий манфаатлар билан уйғунлашиб бўлди. Буни минтақа давлатларига ҳам намуна сифатида кўрсатиш ва амалга ошириш зарурати турибди. Чунки давлатимиз раҳбари ўз нутқида таъкидлаганидек, иқлим ўзгаришига энг кам ҳисса қўшган мамлакатлар унинг энг оғир оқибатларини бошидан кечирмоқда. Шу нуқтаи назардан, халқаро молия, технология ва инновацияларга тенг ва тўсиқсиз кириш имкониятини таъминлаш масаласи Марказий Осиё учун муҳим.
Шунингдек, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида Орол денгизи ҳавзасига оид масалалар кун тартибининг марказида бўлди. Оролни қутқариш халқаро жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш, унинг институционал имкониятларини кенгайтириш ва молиялаштириш механизмларини мустаҳкамлаш бўйича таклифлар илгари сурилди. Бу эса минтақада сув-энергетика ва экологик муаммоларни комплекс тарзда ҳал қилишга хизмат қилади.
Яна бир муҳим йўналиш минтақавий ташаббусларни глобал кун тартибига олиб чиқишдир. Масалан, давлатимиз раҳбарининг 2026 – 2036 йилларни “Марказий Осиёда сувдан оқилона фойдаланиш бўйича амалий ҳаракатлар ўн йиллиги” деб эълон қилиш таклифи бу соҳада узоқ муддатли стратегия шакллантиришга қаратилган. Шунингдек, Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган халқаро форумлар минтақанинг глобал экологик жараёнлардаги ўрнини кучайтиради.
Экологик партия нуқтаи назаридан қараганда, мазкур саммитни бурилиш нуқтаси сифатида баҳолаш учун асослар етарли. Энг асосийси, экологик муаммоларга муносабат ўзгаряпти. Улар фақат чеклов ёки хавф сифатида эмас, балки янги имкониятлар манбаи сифатида кўрилмоқда. Бу эса “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш орқали барқарор ўсишга эришиш имконини беради.
Хулоса қилиб айтганда, Остона саммитида Президентимиз томонидан билдирилган таклифлар Марказий Осиёда экологик сиёсатнинг янги босқичини бошлаб беришга замин ҳозирламоқда. Энди минтақа глобал муаммолар таъсирида қолувчи эмас, балки аниқ ечим таклиф қилаётган ҳудуд сифатида намоён бўляпти.
Кейинги босқич эса, қабул қилинган қарорларнинг амалда қандай ишлашига боғлиқ. Чунки бугунги ёндашувлар эртанги иқтисодий барқарорлик ва аҳоли фаровонлигини белгилаб беради.
Абдушукур ҲАМЗАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари.
ЎзА