Ўзбекистон ва Япония қўшма лойиҳалар кўламини кенгайтиради
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари -иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда Япония халқаро ҳамкорлик банки (JBIC) бошқаруви раиси Нобумицу Ҳаяши ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар Кенгашининг 59-йиллик анжумани доирасида ташкил этилган ушбу тадбирда томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилди. Жумладан, JBIC иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар ва уларни молиялаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилаётган инфратузилма лойиҳалари, хусусан соғлиқни сақлаш, энергетика, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ҳамда транспорт-логистика инфратузилмасини модернизация қилиш йўналишидаги ташаббуслар муҳокама қилинди.
Томонлар шу билан бирга япон компанияларини лойиҳаларга жалб этиш ҳамда уларни молиялаштириш масалалари юзасидан фикр алмашди.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, учрашув якунида ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма лойиҳалар кўламини кенгайтириш ва улар самарадорлигини ошириш бўйича келишувга эришилди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА