Самарали давлат бошқаруви учун замонавий компетенциялар қандай шакллантирилади?
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги ҳамда Британия менежмент университети (БМУ) ҳамкорлигида вазирлик ва идораларнинг давлат хизматчилари учун "Самарали давлат бошқаруви учун компетенциялар" мавзусида тадбир ташкил этилди.
Унда лойиҳаларни бошқариш ва натижага асосланган бошқарув; бошқарув қарорларини қабул қилишда маълумотлар таҳлилидан фойдаланиш; стратегик менежмент ва лидерлик кўникмаларини ривожлантириш; давлат молиясини бошқариш, замонавий ёндашувлар ва илғор тажрибалар; давлат органларида самарали коммуникация ва жамоатчилик билан алоқалар каби йўналишларда билим ва кўникмалар тақдим этилди.

Иштирокчиларга БМУнинг бакалавриат ва магистратура дастурлари, иккинчи олий маълумот олиш ҳамда малака ошириш имкониятлари ҳамда Queen Margaret University, Project Management Institute (PMI) вa Microsoft билан халқаро ҳамкорлик доирасидаги таълим ва профессионал ривожланиш имкониятлари ҳақида маълумот берилди.

Замонавий давлат бошқаруви – замонавий билим, компетенция ва лидерлик салоҳиятига эга давлат хизматчиларини талаб этади. Мазкур ҳамкорлик давлат хизматида янги бошқарув ёндашувларини шакллантириш, илғор халқаро тажрибани амалиётга жорий этиш ва натижага йўналтирилган профессионал кадрлар салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Кадрлар сиёсати бошқармаси бош мутахассиси Саид Раҳимовнинг қайд этишича, тадбир давлат ташкилотларида инсон ресурсларини бошқариш йўналишида фаолият юритаётган мутахассислар учун жуда фойдали ва амалий аҳамиятга эга бўлди. Чунки замонавий HR фаолияти эндиликда фақат ходимларни ишга қабул қилиш ёки маъмурий жараёнларни ташкил этиш билангина чекланмайди. HR бўлинмалари ташкилотнинг стратегик ривожланиши, ходимларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш ва юқори натижадорликни таъминлашда муҳим стратегик бўғинга айланмоқда. Тақдимот давомида лойиҳаларни бошқариш, натижага асосланган бошқарув, маълумотлар асосида қарор қабул қилиш, стратегик менежмент, лидерлик ва самарали коммуникация каби йўналишларда замонавий ёндашувлар билан танишдик. Семинарнинг яна бир муҳим жиҳати – биз нафақат давлат бошқаруви соҳасидаги, балки хусусий сектор ва халқаро ҳамкорлик доирасидаги илғор тажриба ва ёндашувлар билан ҳам танишиш имконига эга бўлдик. Хусусий секторда инсон капиталини бошқариш, ходимларни ривожлантириш, лидерларни шакллантириш ва натижадорликни баҳолаш бўйича қўлланилаётган замонавий амалиётларни давлат хизматига мослаштириш учун бундай тажриба жуда қимматли, деб ҳисоблайман. Айниқса, замонавий технологиялар, маълумотларга асосланган бошқарув ва ходимларнинг индивидуал ривожланишига эътибор қаратиш борасидаги илғор тажрибаларни ўрганиш давлат ташкилотлари учун жуда муҳим.
Бундай семинарлар нафақат янги билим ва кўникмаларни ошириш, давлат хизматида замонавий фикрлайдиган, профессионал ва натижага йўналтирилган кадрлар салоҳиятини шакллантиришга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА