Самандар Олимов ва Иқболжон Холдоров ярим финалда
Арманистон пойтахти Ереван шаҳрида бокс бўйича ўтказилаётган “Yerevan Mayor Cup” халқаро турнирида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари муваффақиятли иштирокини давом эттирмоқда.
-60 кг. вазн тоифасида рингга кўтарилган Самандар Олимов чорак финалда мезбонлар вакили Арман Арзуманянга қарши баҳс олиб борди. Қизиқарли ва муросасиз кечган жангда ҳамюртимиз 4:1 ҳисобида ғалаба қозониб, мусобақанинг ярим финалига йўлланма олди.
-70 кг. вазн тоифасидаги чорак финал баҳсида эса Иқболжон Холдоров Молдова вакили Владимир Назимкога қарши рингга чиқди. Ҳар уч раундда ҳам устунликни намойиш этган ўзбекистонлик боксчи рақибини 5:0 ҳисобида мағлуб этиб, ярим финал иштирокчисига айланди.
Эртага бўлиб ўтадиган ярим финал жангларида яна икки нафар вакилимиз – Тўрабек Ҳабибуллаев ҳамда Шаҳзод Музаффаров ҳам рингга кўтарилади. Улар финал йўлланмаси учун баҳс олиб боради.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА