Қурилишдаги назорат ва мониторинг – журналистлар нигоҳида
Қурилиш соҳасида назорат ва мониторинг ишлари бино ва иншоотларнинг сифатли ҳамда мустаҳкам бўлишини таъминлайди. Айниқса, таҳлиллар қурилиш майдонидан бошланса ва замонавий технологиялар орқали амалга оширилса, самарадорлик, сифат ва тезлик янада ортади.
Хоразм вилояти ҳудудий Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги назорати инспекцияси томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида ана шу устувор жиҳатларга эътибор қаратилди.
Матбуот анжуманида ҳудудий инспекция томонидан қурилиш, уй-жой коммунал хўжалиги, ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш йўналишларида амалга оширилган давлат назорати ишлари, соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда рақамлаштириш борасида жорий этилаётган замонавий тизимлар хусусида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, назорат тадбирларининг самарадорлигини ошириш, давлат назоратида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.
– 2026 йилнинг 6 ойи мобайнида вилоят бўйича 2 минг 173 та қурилиш объектида давлат назорати амалга оширилди, – деди Хоразм вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси бошлиғи Шерзод Отаев. – Давлат назоратини рақамлаштириш борасида ҳам муҳим натижаларга эришилди. Хусусан, электрон назорат тизими орқали 7 минг 623 та электрон кўрсатманинг ижроси мунтазам кузатиб борилди. Қурилиш соҳасида назорат тизимида сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш ҳам иш жараёнини анча соддалаштирмоқда. Бу тизим қоидабузарликларни жойида тезкор аниқлаш имконини бир неча баробарга оширди.
[gallery 30511]
Тадбирда таъкидланганидек, сўнгги кунларда юртимизда кузатилаётган аномал иссиқ об-ҳаво шароитида ҳам қурилиш майдонларида меҳнат хавфсизлиги талабларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, чанг-тўзон кўтарилишининг олдини олиш мақсадида қурилиш майдонига сув сепилиб, бу ерга кириб-чиқувчи транспортларни ювиш ишлари мунтазам ташкил этилмоқда. Ишчилар учун хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, соғлиғини муҳофаза қилиш ва техник хавфсизлик қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Журналистлар ҳудудий инспекцияда фаолият юритаётган “Онлайн кузатиш маркази” фаолияти билан яқиндан танишдилар. Инспекция мутахассислари томонидан марказнинг техник имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Таъкидланганидек, мазкур марказ орқали инспекторларнинг “боди камера”лари ёрдамида узатилаётган жонли тасвирлар ҳамда қурилиш объектларига ўрнатилган видеокузатув камераларидан келаётган маълумотлар ҳақиқий вақт режимида кузатиб борилади. Бу эса инспекторлар фаолиятини масофадан туриб мониторинг қилиш, қурилиш объектларидаги жараёнларни доимий назорат қилиш, аниқланган камчиликларга тезкор муносабат билдириш ҳамда давлат назоратининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
– Инспекцияда 2025 йил 1 июлдан замонавий онлайн кузатув маркази ташкил этилди, инспекторлар эса боди-камералар ва махсус планшетлар билан таъминланди. Бу чоралар назорат тадбирларининг қонунийлиги, холислиги ва самарадорлигини янада ошириш, шунингдек, давлат хизматларида очиқлик ва жамоатчилик ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Шунингдек, тегишли фармон ижроси доирасида қиймати 3 миллиард сўм ва ундан юқори бўлган қурилиш объектларини онлайн кузатиш ишлари изчил давом этмоқда. Бугунги кунга қадар ушбу тоифадаги 275 та объектнинг 206 тасида, яъни 75 фоизида видеокузатув тизимлари тўлиқ ишга туширилди, – дейди Ҳудудий инспекция шўъба бошлиғи С.Бобожонов.
Анжумандан сўнг қурилиш объектлари ҳамда бошқарув сервис компаниялари фаолиятини ўрганиш мақсадида уюштирилган пресс-тур ҳам журналистларда катта қизиқиш уйғотди. Улар Урганч тумани Тандирчи маҳалласида бир йил олдин ташкил қилинган “Соҳил плаза ТЖМ” масъулияти чекланган шаклдаги Бошқарув сервис компанияси фаолияти билан танишдилар.
Бошқарув сервис компаниясининг моддий техник базаси керакли асбоб-ускуналар билан таъминланган бўлиб, 8 та кўп хонадонли уйларда 336 та хонадонга хизмат кўрсатиб келмоқда. Пресс-тур давомида кўп қаватли уйларнинг қурилиши ва бу жараёнда ишлатиладиган материаллар сифати ҳақида мутахассислар ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.
– Бугунги кунда Хоразм вилоятида ҳудудий инспекция томонидан рўйхатдан ўтган 2 мингдан ортиқ қурилиш объектида Давлат қурилиш назорати белгиланган тартиб асосида амалга оширилмоқда. – деди Ҳудудий инспекция бўлим бошлиғи Фаҳриддин Аҳмедов. – Белгиланган вазифаларни самарали ташкил этиш мақсадида ҳудудий инспекцияда 30 га яқин ваколатли инспектор фаолият юритмоқда. Айни пайтда Урганч тумани Тандирчи маҳалласида қурилаётган 10 қаватли турар жой мажмуаси учинчи тоифадаги қурилиш объекти ҳисобланади ва тасдиқланган хавф даражасига мувофиқ инспекторлар томонидан ҳар ойда уч марта мониторинг ўтказилади. Ҳозирги вақтда назорат тадбирлари “Қурилиш-синов” лабораторияси мутахассислари билан ҳамкорликда қурилиш материаллари ва бажарилаётган ишлар сифати жойида текширилади. Аниқланган камчиликлар бўйича масъулларга электрон тарзда ёзма кўрсатмалар берилиб, уларни бартараф этиш юзасидан назорат ўрнатилади.
Пресс-тур давомида иштирокчилар қурилиш жараёнларида олиб борилаётган сифат ва хавфсизлик бўйича инспекция назоратига бевосита гувоҳ бўлиб, соҳадаги ижобий ўзгаришлар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбири