“Саломатлик сари” – инсон қадрига эътибор ифодаси
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан илгари сурилган “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури аҳоли манфаатларини таъминлаш, уларнинг дарду ташвишларини ўрганиш ва жойларда аниқ ечимлар топишга қаратилган амалий ташаббуслари билан аҳамият касб этмоқда.
Ушбу дастур доирасида ҳаётга татбиқ этилаётган “Саломатлик сари” лойиҳаси эса, энг аввало, инсон саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ва тиббий маданиятни юксалтиришга хизмат қилаётгани билан алоҳида эътиборга молик.
Ана шундай эзгу мақсадлар йўлида Ғозғон шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникасида “Саломатлик сари” акцияси юқори савияда ташкил этилди. Мазкур тадбир ЎзЛиДеПнинг маҳаллий Кенгаши ҳамда ҳамкор ташкилотлар, жумладан, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Навоий вилояти ҳудудий филиали билан ҳамкорликда амалга оширилди.

Акция доирасида 500 нафардан ортиқ фуқаролар учун бепул тиббий кўрик ташкил этилиб, уларга малакали мутахассислар томонидан юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатилди.
Жумладан, терапевт, кардиолог, эндокринолог, невропатолог, гинеколог, стоматолог, офтальмолог каби турли йўналишдаги шифокорлар фуқароларни батафсил текширувдан ўтказиб, уларнинг саломатлиги бўйича зарур тавсия ва маслаҳатлар берди. Айниқса, қон босими, қанд миқдори, юрак фаолияти каби муҳим кўрсаткичларни аниқлашга қаратилган тезкор текширувлар аҳоли учун жуда манфаатли бўлди.

– Акция доирасида аҳолининг тиббий саводхонлигини оширишга қаратилган тарғибот ишлари ҳам олиб борилди, – дейди партия вилоят Кенгаши масъул ходими Қундузхон Эшқораева. – Хусусан, партиянинг Аёллар қаноти ташаббуси билан “Соғлом турмуш тарзи”, “Қариндошга қуда бўлманг”, “Қиз бола гулдек нозик”, “Эрта никоҳнинг салбий оқибатлари” каби долзарб мавзуларда маъруза ва мулоқотлар ташкил этилди. Бу каби учрашувлар орқали нафақат тиббий, балки ижтимоий масалалар бўйича ҳам аҳолининг хабардорлиги оширилди. Шифокорлар томонидан фуқароларга тўғри овқатланиш, кундалик жисмоний фаолликни ошириш, стрессни камайтириш, зарарли одатлардан воз кечиш каби соғлом ҳаёт тарзига оид муҳим тавсиялар берилди.

Тадбирнинг яна бир аҳамиятли жиҳати эҳтиёжманд аҳоли қатламини қўллаб-қувватлашга қаратилгани бўлди. Аниқланган касаллик турларига қараб бепул турли хил дори-дармонлар тарқатилди.
Бу каби хайрия ва тиббий акциялар нафақат аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлашга, балки уларнинг эртанги кунга бўлган ишончини оширишга ҳам хизмат қилмоқда. Энг муҳими, одамларда ўз саломатлигига бўлган масъулиятни кучайтириш, касалликларнинг олдини олиш маданиятини шакллантиришга замин яратмоқда.
А. Бўриев, ЎзА