“Саломатлик марафони”га старт берилди
Сирдарё вилоятида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, профилактик тиббий кўриклар қамровини кенгайтириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган кенг кўламли “Саломатлик марафони”га старт берилди.
Бир ой давом этадиган мазкур марафон давомида аҳолини профилактик тиббий кўрик ва скрининг текширувларига кенг жалб этиш, юрак-қон томир касалликлари, қандли диабет, онкологик ва бошқа юқумли бўлмаган хасталикларни эрта аниқлаш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилади.
Марафоннинг дастлабки босқичи Гулистон шаҳар Кўп тармоқли марказий поликлиникасида ташкил этилди. Бу ерда Бўстон, Истиқлол, Бахт, Боғишамол, Обод юрт, Шодлик, Намуна, Сайқал, Тараққиёт, Улуғобод, Бахмал ва Ишонч маҳаллаларида истиқомат қилувчи аҳоли учун чуқурлаштирилган бепул тиббий кўрик ўтказилди.
Илк куннинг ўзидаёқ 300 нафар фуқаро юқори малакали шифокорлар иштирокида тиббий кўрикдан ўтди.
Тадбир доирасида ҳаракатланувчи мобил лаборатория автобуслари ҳам ишга туширилди. Улар орқали офтальмологик текширувлар, ўпка саломатлигини баҳолаш, маммография, лаборатория таҳлиллари ҳамда онкологик касалликларни эрта аниқлашга қаратилган скрининг хизматлари кўрсатилди.
Шунингдек, кардиолог, невропатолог, акушер-гинеколог, эндокринолог, педиатр, травматолог, оториноларинголог, окулист, фтизиатр, жарроҳ, онколог ва гематолог каби малакали мутахассислар аҳолини ҳар томонлама тиббий кўрикдан ўтказди.
Фуқароларга юрак-қон томир касалликлари, қандли диабет, онкологик хасталиклар ва бошқа юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш, уларни эрта аниқлаш, тўғри овқатланиш, жисмоний фаолликни ошириш ҳамда соғлом турмуш тарзига амал қилиш юзасидан тавсиялар берилди.
Марафон доирасида ташкил этилган "Саломатлик нуқталари" да соғлом овқатланиш ярмаркалари, шифобахш гиёҳлар кўргазмалари ва жисмоний фаоллик бўйича маслаҳатлар ҳам аҳолида катта қизиқиш уйғотмоқда.
— Бугун соғлиқни сақлаш тизимида устувор вазифа касалликларни даволаш эмас, балки уларнинг олдини олишдир. "Саломатлик марафони"нинг асосий мақсади аҳолини профилактик кўрикларга кенг жалб қилиш, юқумли бўлмаган касалликларни эрта босқичда аниқлаш ва ҳар бир фуқарода ўз саломатлигига масъулиятли муносабатни шакллантиришдан иборат. Шу боис марафон давомида тиббий кўриклар билан бир қаторда соғлом овқатланиш, жисмоний фаоллик ва соғлом турмуш тарзи бўйича кенг тушунтириш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Зеро, касалликнинг олдини олиш уни даволашдан ҳамиша самаралидир, — дейди Саломатлик ва стратегик ривожлантириш институти Сирдарё вилояти бўлими бошлиғи Тожихон Ғаффорова.
[gallery-30282]
Гулистон шаҳар тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Мурод Кўпайсиновнинг маълум қилишича, марафон июль ойи давомида босқичма-босқич давом этади.
— 13–22 июль кунлари 2-оилавий поликлиникада Маданият, Маънавият, Ниҳол, Улуғйўл ва Баҳор маҳаллалари аҳолиси, 23–31 июль кунлари эса 3-оилавий поликлиникада Аҳиллик, Навбаҳор, Шодлик, Тараққиёт, Нурафшон ва Янги ҳаёт маҳаллалари фуқаролари учун бепул чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ташкил этилади, — дейди у.
Мутахассислар фикрича, бу каби профилактик тадбирлар нафақат касалликларни эрта аниқлаш, балки аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи маданиятини қарор топтириш, инсонларни ўз саломатлигига масъулият билан ёндашишга ундашда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Зеро, соғлом миллат — мамлакат тараққиёти ва фаровонлигининг энг мустаҳкам пойдеворидир.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА