Россия - Украина: бурилиш нуқтаси қаерда?
Европа мудофаа комиссари Андрюс Кубилюс Киев томонидан маҳаллий миқёсда баллистик ракета ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши Россия ва Украина урушининг эҳтимолий бурилиш нуқтаси эканини айтган. Бу ҳақда "Озодлик радиоси" хабар берди.
Унинг сўзларига кўра, Киев аллақачон турли хил қурол ишлаб чиқаришни муваффақиятли ривожлантирмоқда, баллистик ракетага қарши қурилмалар бу йўлдаги кейинги дадил қадам бўлиши мумкин. Кубилюс украиналик мутахассислар ракета соҳасида юқори даражада малака намойиш этаётганини таъкидлади.
Шу билан бирга у Украинада ҳозир бундай лойиҳалар амалга ошириш учун замонавий радар тизими ва нишонни аниқлаш ускунаси етишмаслигига эътибор қаратиб, бу масала Европа мудофаа компаниялари билан ҳамкорлик орқали ҳал қилиниши мумкинлигини қўшимча қилди.
Бундан ташқари Европа комиссари “Mim 104 Patriot” тизими учун ракета ишлаб чиқариш учун лицензия олиш ҳам муваффақиятга эришишнинг ягона йўли эмаслигига урғу берди. Унинг фикрича, Украина аллақачон уруш жараёнига сезиларли таъсир кўрсатиб, стратегик мувозанатни ўзгартира оладиган технология ютуғи белгиларини намоён этмоқда.
С.Раҳимов, ЎзА