Россия фронтдаги йўқотиш сабаб 600 000 кишилик янги сафарбарликка тайёрланмоқда.
Украина разведка хизмати берган маълумотга кўра, Россия Бош штаби фронтдаги беқиёс йўқотиш ўрнини қоплаш мақсадида яқин йиллар ичида янги сафарбарлик босқичини амалга оширмоқчи. Ушбу режа доирасида 2026-2027 йиллари мос равишда 300 000 нафардан, жами 600 000 киши ҳарбий хизматга жалб қилиниши кўзда тутилган.
Киев томони баҳолашича, жорий йил январь-июль ойлари оралиғида РФ армияси тахминан 240 000 ҳарбий хизматчини йўқотган. Камида 140 000 киши қайтариб бўлмас йўқотишга учраган, яъни ҳалок бўлган. Кўрсатилган даврда шартнома асосида ҳарбий хизматга атиги 232 000 одам қабул қилинган.
Украина разведка идоралари баёнотида таъкидланишича, Россия Бош штаби 2026-2027 йиллари қўшимча 600 000 кишини армия сафига сафарбар этиш йўлини ишлаб чиққан. Захирадан чақириладиган бу куч, аввало Украинада бевосита жанговар ҳаракат олиб бораётган бўлинмаларни тўлдириш ҳамда янгидан ташкил этилаётган РФ қўшини таркибини шакллантириш учун йўналтирилади.
Украина разведкаси вакиллари билдиришича, Москва сиёсий раҳбарияти бундай кенг кўламли сафарбарлик тўлқинини урушдаги ташаббус қўлдан бой берилаётгани, фронт чизиғида шахсий таркиб йўқотиши изчил ортиб бораётгани ҳамда ҳужум суръати сезиларли даражада пасайганига мажбурий жавоб чораси сифатида кўрмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА