РФ халқаро захираси бир ойда 60 миллиард доллар камайди
Россиянинг халқаро захираси март ойида 60,3 миллиард доллар камайган. Бу ҳақда мамлакат Марказий банкига таяниб, DW нашри хабар берди.
Ҳисоботга кўра, 2026 йил 1 апрель ҳолатига Россия халқаро захираси қарийб 749 миллиард долларни ташкил этган. 1 март куни айни кўрсаткич 809,3 миллиард доллар, февраль ойи бошида эса 833,6 миллиард доллар атрофида эди.
Захира таркибига хорижий валюта активи, олтин, Халқаро валюта жамғармасидаги резерв ўрни ҳамда махсус қарз олиш ҳуқуқи киради.
Қайд этилишича, пасайиш асосан олтин ҳажми қисқариши билан боғлиқ. Мутахассислар фикрича, геосиёсий кескинлик шароитида тилла анъанавий равишда хавфсиз бойлик сифатида талаб юқори восита ҳисобланади. Дарвоқе, РФ активининг муайян қисми Ғарб давлатлари санкцияси сабаб музлатилган ҳолда қолмоқда.
Мамлакат бюджетининг сарф бандида мудофаа ва хавфсизлик соҳалари устувор экани аён. 2026-2028 йилларга мўлжалланган харажатда бу йўналишга тахминан 16,8 триллион рубль ажратилиши кўзда тутилган, ижтимоий соҳага эса 10,8 триллион рубль йўналтирилган.
Д.Ҳакимов, ЎзА