Регистон майдони дунёнинг энг гўзал масканлари қаторига киритилди
Юртимизнинг бой тарихий-маданий мероси, бир неча асрларга бориб тақаладиган маҳобатли тарихий обидаларимиз дунё жамоатчилигини, сайёҳларни ўзига ром этиб келади. Очиқ осмон остидаги музей шаҳарларимиздаги осори атиқалар, ёдгорликлар тарихий мерос сифатида юртимиз довруғини янада юксалтиришда муҳим аҳамиятга эга.
Яқинда “Time Out” журнали томонидан 2026 йилда дунёнинг энг гўзал масканлари рўйхати эълон қилинди. Мазкур рейтингдан сайёрамиздаги 51 та энг чиройли ҳудуд ўрин олган бўлиб, улар қаторида Регистон майдони ҳам муносиб жой эгаллади.
Қайд этилишича, Самарқанд шаҳрининг тарихий юраги ҳисобланган Регистон майдони учта улкан меъморий иншоот билан ўралган ноёб мажмуа сифатида эътироф этилган. Мазкур ансамбль XV–XVII асрларга оид тарихий ёдгорликлардан иборат бўлиб, баланд пештоқлар, муҳташам гумбазлар ҳамда миноралар уйғунлиги билан ажралиб туради. Шунингдек, ушбу иншоотларнинг ғишт, кошин ва мозаикаларда акс этган мураккаб геометрик нақшлари уларнинг бадиий ва тарихий аҳамиятини янада оширади.
Дунёнинг энг гўзал масканлари рўйхатида Регистон майдони ҳам эътироф этилгани юртимизнинг бой маданий мероси халқаро миқёсда юксак баҳоланаётганидан даракдир. Бу ўз навбатида, ушбу масканга интилувчи сайёҳлар оқими янада кўпайишига хизмат қилади.
М.Комилова,
ЎзА