Матбаачилик нозик ва масъулиятли касб
Бугун кунда қатор нашриёт, босмахона ва газеталар таҳририятлари иқтисодий жиҳатдан қийин даврни бошидан ўтказмоқда. Лекин мавжуд қийинчиликларни енгиб ўтиб самарали фаолият олиб бораётган, соҳа иши ривожига самарали ҳисса қўшиб келаётган корхоналар ҳам йўқ эмас. Ана шундай матбаа корхоналаридан бири бу – Андижон шаҳридаги “KANS OFFICE” масъулият чекланган жамиятдир.
2007 йилда ўз фаолиятини бошлаган мазкур корхонада Хитой, Япония давлатларидан келтирилган илғор ва замонавий матбаа дастгоҳлари ўрнатилган бўлиб, ҳозирда корхонада, флейр, коробка, визитка ва бошқа кўплаб турдаги сифатли ва рангли матбаа маҳсулотлари чоп этилмоқда. Бундан ташқари, бу ерда газеталар, қўлланма ва китоблар нашр этилиши ҳам йўлга қўйилган.
– Жамият босмахонасида маҳсулот сифатига алоҳида эътибор қаратилади, – дейди “KANS OFFICE” МЧЖ директори Азамат Абдулҳамидов. – Умуман, барча турдаги буюртмаларни тез, сифатли ва ўз вақтида тайёрлаб бераётганлигимиздан мижозларимиз хурсанд.
[gallery-28359]
Маҳсулотларнинг сифатли ва тезкор чоп этишда замонавий ахборот коммуникация технологияларидан самарали фойдаланилмоқда. Хусусан, доимий буюртмачилар билан босмахона ўртасида локал алоқа тармоғи йўлга қўйилган. Интернет орқали қабул қилиб олинган буюртмалар тезкор чоп этилиб, буюртмачиларга етказиб берилади. Бу билан ортиқча оворагарчиликнинг олди олиниб, вақт тежалади, тезкорлик таъминланади.
Матбаачиликни игна билан қудуқ қазишга қиёслашади. Бу бежиз эмас, албатта. Аслида матбаачилик нозик, масъулиятли ва шарафли касблардан.
Айни кунда 50 нафардан зиёд ишчи-мутахассис фаолият олиб бораётган корхонада Оминахон Ниёзова, Муҳаррамхон Абдукаримова, Нигорахон Паттаева, Гулнорахон Исломбоева, Шоирахон Мадаминова, Марибжон Қўзибоев, Ҳасанбой Иминов сингари ишчилар ҳамкасбларига намуна бўлиб келмоқда.
Бир сўз билан айтганда, корхона ўзининг сифатли маҳсулотлари билан мижозларга намунали хизмат кўрсатиши, барқарор ва самарали фаолияти билан юртимиз иқтисодий ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари.