Рақобатбардош иқтисодиёт сари: қонунчилик ислоҳотларининг амалий аҳамияти
Янги Ўзбекистон тараққиётининг ҳозирги босқичи барқарор иқтисодий ўсиш пухта ишланган ҳуқуқий асос ва изчил ислоҳотлар тизимига таянишини кўрсатмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакатимиз иқтисодий ривожланишининг янги фалсафасини ифода этиб, қонун устуворлиги асосида юксалишга эришишни кўзда тутади. Ушбу ҳужжатнинг аҳамияти шундаки, унда мақсадлар аниқ кўрсаткичлар, қатъий мезонлар ва ижро интизоми асосида белгиланган бўлиб, улар инсон манфаатлари билан узвий боғлиқдир. Камбағалликни қисқартириш, янги иш ўринлари яратиш ва хизматлар соҳасини кенгайтириш каби вазифаларнинг самарадорлиги нафақат статистик рақамлар, балки аҳоли ҳаётидаги реал ўзгаришлар билан баҳоланмоқда.
Бугунги иқтисодий ислоҳотларнинг энг муҳим жиҳати уларнинг тизимли ва комплекс тарзда амалга оширилаётганидадир. Асосий эътибор мавжуд ресурслардан экстенсив фойдаланишдан технологик тараққиёт ва самарадорликни оширишга қаратилмоқда. Ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард доллардан ошириш ва 2030 йилга бориб 240 миллиард долларга етказиш вазифаси сифат жиҳатидан янги босқичга ўтишни тақозо этади. Бу жараёнда инновацияларни жорий этиш, рақамли технологияларни кенг қўллаш ҳамда илм-фан ютуқларини иқтисодий жараёнларга интеграция қилиш устувор йўналишлар ҳисобланади. Шу билан бирга, инфляцияни 5–6 фоиз даражасида ушлаб туриш, бюджет тақчиллигини жиловлаш ва давлат қарзининг барқарорлигини таъминлаш иқтисодиётни молиявий беқарорликдан муҳофаза қилишга хизмат қилади.
Инвестиция муҳитини яхшилаш ва иқтисодиётга 50 миллиард доллардан зиёд хорижий сармояларни жалб этиш ислоҳотларнинг марказий йўналишидир. Бироқ бунда асосий урғу инвестицияларнинг ҳажмига эмас, балки уларнинг саноатни модернизация қилиш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилишига қаратилмоқда. Тадбиркорликни институционал қўллаб-қувватлаш ва хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 60 фоизга етказиш бозор механизмлари самарадорлигини оширади. Шунингдек, хизматлар бозори ҳажмини 100 миллиард доллардан ошириш ва туризмнинг иқтисодиётдаги улушини 7 фоизга етказиш режаси иқтисодиётни диверсификация қилишнинг муҳим драйверларидир.
Иқтисодий ислоҳотларнинг яна бир муҳим бўғини солиқ ва божхона тизимини такомиллаштириш ҳамда яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришдир. Солиқ маъмуриятчилигини рақамлаштириш ва инсон оминини камайтириш орқали шаффофликни ошириш бизнес юритиш харажатларини пасайтиради. Яширин иқтисодиётни 23 фоизгача камайтириш нафақат бюджет тушумларини кўпайтириш, балки адолатли рақобат муҳитини яратиш учун зарурдир. Бу жараёнда ҳудудий ривожланишга ҳам алоҳида эътибор берилиб, ҳар бир вилоятнинг табиий-иқтисодий салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда алоҳида “ўсиш нуқталари” белгиланмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳри юқори технологик хизматлар марказига айлантирилаётган бўлса, бошқа ҳудудларда саноат ва қишлоқ хўжалиги кластерлари ривожлантирилмоқда.
Янги Ўзбекистон тараққиёт моделида экологик барқарорлик ва "яшил иқтисодиёт"га ўтиш мажбурият эмас, балки янги имконият сифатида қаралмоқда. Иссиқхона газлари чиқиндиларини сезиларли даражада қисқартириш ва энергия самарадорлигини ошириш ишлаб чиқариш рақобатбардошлигини таъминлайди. Шунингдек, инсон капиталига инвестициялар, жумладан, соғлиқни сақлаш ва илм-фан харажатларини ошириш барқарор ўсишнинг асосий пойдевори ҳисобланади. Хулоса қилиб айтганда, амалга оширилаётган қонунчилик ислоҳотлари рақобатбардош, барқарор ва энг муҳими, инсон фаровонлигига хизмат қилувчи кучли иқтисодиётни барпо этишга қаратилган изчил стратегик жараёндир.
Бахтиёр ТОШПЎЛАТОВ
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти етакчи илмий ходими
ЎзА