Ўзбекистон иқтисодиёти 2026 йил I чорагида 8,7 фоизга ўсди
Миллий статистика қўмитасининг дастлабки маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–март ойларида Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ўсиш суръатларини намоён этди. Хусусан, ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажми жорий нархларда 447,9 триллион сўмни ташкил этди.
Таҳлилларга кўра, ЯИМнинг реал ўсиш суръати ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8,7 фоизга етган. Бу кўрсаткич мамлакатда иқтисодий фаолликнинг ошгани, саноат, хизмат кўрсатиш ва қурилиш соҳаларида ижобий динамика сақланиб қолаётганини кўрсатади.
Сўнгги йилларда ЯИМ ҳажми изчил ўсиб бораётгани кузатилмоқда. Жумладан, 2022 йилнинг биринчи чорагида 186,7 триллион сўмни ташкил этган кўрсаткич 2023 йилда 228,9 триллион сўмга, 2024 йилда 276,9 триллион сўмга, 2025 йилда эса 372,8 триллион сўмга етган. 2026 йилда эса ушбу рақам 447,9 триллион сўмгача ўсди.
Мутахассислар фикрича, ЯИМнинг барқарор ўсиши мамлакатда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини кўрсатади. Шу билан бирга, ички талабнинг кенгайиши, инвестициялар ҳажмининг ортиши ва тадбиркорлик фаолиятининг ривожланиши ҳам мазкур ўсишга муҳим ҳисса қўшмоқда.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолиш билан бирга, иқтисодиёт тармоқлари ўртасида мувозанатни таъминлаш ва аҳоли фаровонлигини ошириш асосий устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА