“Рақамли келажак: умумий ривожланиш векторлари, муаммолари ва ечимлари”
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасида ташкил этилган “Рақамли келажак: умумий ривожланиш векторлари, муаммолари ва ечимлари” мавзусидаги халқаро панель сессияда иштирок этди.
Панел сессияда Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Беларусь давлатларининг вазирлари, Қирғизистон ва Қувайт давлат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда International Telecommunication Union вакиллари қатнашиб, рақамли трансформация, сунъий интеллект ва минтақавий ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.
Мулоқот давомида глобаллашув, геосиёсий ўзгаришлар ва технологик тараққиёт шароитида Марказий Евроосиё минтақасининг рақамли ривожланишдаги ўрни ҳамда янги иқтисодий имкониятлар юзасидан фикр алмашилди.

Вазир ўз нутқида Ўзбекистон ахборот технологиялари бизнесини ривожлантириш ва халқаро компанияларни жалб қилиш учун қулай муҳит яратиш бўйича изчил ишлар олиб борилаётганини таъкидлади. Шунингдек, IT Park Uzbekistan резидентлари учун жорий этилган имтиёзлар туфайли IT-компаниялар корпоратив солиқлардан озод этилганини қайд этиб, хорижий компанияларни Ўзбекистонда ўз офисларини очишга чақирди.
Шерзод Шерматов мамлакатнинг асосий устунликларидан бири ёшлар салоҳияти эканини таъкидлаб, халқаро бизнес эҳтиёжларига мос малакали кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини билдирди.
Қайд этилишича, 2017 йилда IT Park таркибида хорижий капитал иштирокидаги атиги 4 та компания фаолият юритган бўлса, бугунги кунда ҳар ой 70 дан ортиқ янги хорижий компания ўз фаолиятини йўлга қўймоқда. Бу орқали масофавий иш ўринлари ва халқаро буюртмаларни мамлакатга жалб қилиш, юқори даромадли иш ўринларини яратиш ҳамда рақамли хизматлар экспортини кенгайтириш мақсад қилинган.
Тадбирда вазир сунъий интеллект технологиялари аҳоли даромадларини ошириш, ҳаёт сифатини яхшилаш ва иқтисодиёт самарадорлигини юксалтиришга хизмат қилиши лозимлигини таъкидлади.
Мазкур тадбир Ўзбекистоннинг сунъий интеллект ва рақамли трансформация соҳасидаги тажрибасини халқаро майдонда намойиш этиш ҳамда минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилди.
Н.Раҳмонова,
ЎзА