Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Тошкент вилояти махсус иқтисодий зонасининг Ангрен шаҳар ҳудудида Хитой сармояси иштирокида ташкил этилган хорижий корхона иш бошлади.
Мазкур лойиҳа доирасида замонавий технологиялар асосида турли полиэфир калава иплар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Натижада 170 та янги иш ўрни яратилди. Тадбирда Ангрен шаҳар ҳокими, корхона таъсисчилари, махсус иқтисодий зона иштирокчилари, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Барча биргаликда корхонанинг ишлаб чиқариш жараёнлари, замонавий технологик ускуналари ва тайёр маҳсулотлари билан танишди.

Бу корхона ҳудудда тўқимачилик саноатини ривожлантириш, экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
***
Божхона органлари томонидан фуқаролар саломатлигига хавф туғдириши мумкин бўлган, сифати кафолатланмаган ҳамда ноқонуний айланмага киритилаётган дори воситаларининг олдини олиш бўйича назорат тадбирлари изчил давом эттирилмоқда.

“С.Нажимов” чегара божхона пости орқали юртимизга кириб келаётган юк автотранспорт воситаси божхона назоратидан ўтказилди. Кўрик жараёнида ҳайдовчи томонидан оғзаки маълум қилинмаган ҳамда ҳеч қандай ҳужжатлар билан тасдиқланмаган, транспорт воситасининг юкхонасига яширилган 2 минг 378 қути тиббиёт дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар борлиги аниқланди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, аниқланган дори воситаларининг умумий қиймати қарийб 687 миллион сўмни ташкил этади. Ҳозир мазкур ҳолат юзасидан белгиланган тартибда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
***
Оҳангарон туман тиббиёт бирлашмасида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилган “Саломатлик марафони” ойлиги бошланди.

Унинг доирасида тиббий кўриклар, профилактик тадбирлар, тарғибот ишлари, жисмоний фаолликни оширишга қаратилган учрашувлар ва оммавий акциялар ташкил этилади. Маҳаллаларда “Саломатлик нуқталари” фаолияти йўлга қўйилиб, фуқароларга бепул маслаҳат ва дастлабки тиббий текширувлар ўтказилади. Шунингдек, аёллар ва болалар саломатлигига алоҳида эътибор қаратилиб, чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ҳамда соғлом овқатланиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилади.
Мазкур ташаббус аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, касалликларни эрта аниқлаш ва соғлом турмуш тарзини оммалаштиришга хизмат қилади.
А.Мусаев, ЎзА