Рақамли дунёда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик мавзуси муҳокама қилинди
Мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев ушбу масала Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам пойдевори эканлигини доим таъкидлайди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган “Ўзбекистон-2030” стратегиясида ҳам жамиятда бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёшларни ёт ғоялар таъсиридан асраш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ҳамда аҳолининг медиа саводхонлигини ошириш устувор вазифалар сифатида белгиланган.
Шунингдек, мамлакатимизда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун, миллатлараро муносабатларни ривожлантиришга оид фармон ва қарорлар, экстремизмга қарши кураш соҳасидаги давлат дастурлари ҳамда рақамли технология ва ахборот хавфсизлигига оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мазкур соҳада олиб борилаётган изчил давлат сиёсатининг мустаҳкам ҳуқуқий асосини яратган.
Республикамиз ташаббуси билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси дунёда бағрикенглик маданиятини қарор топтиришга хизмат қилаётган муҳим халқаро ҳужжат сифатида эътироф этилган.
Шу боис, глобаллашув ва рақамли технология жадал ривожланиши шароитида ахборот макони жамиятнинг барча соҳалари, хусусан миллатлараро муносабатлар ва диний ҳаётга бевосита таъсир кўрсатмоқда. Интернет, ижтимоий тармоқ ва рақамли коммуникация воситалари инсонлар ўртасида ўзаро мулоқотни кенгайтириш билан бирга, айрим ҳолларда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликка таҳдид солувчи ғоялар, ёлғон ахборот ва радикал қарашларни тарқатиш майдонига ҳам айланмоқда. Рақамли дунё шароитида диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш масаласи алоҳида илмий-амалий аҳамият касб этмоқда.
Рақамли трансформация шароитида айни долзарб масалаларни муҳокама қилиш, илмий ёндашув ва амалий таклифлар ишлаб чиқиш, давлат идоралари, халқаро ташкилотлар, диний конфессиялар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда экспертлар ўртасида самарали мулоқот ўрнатиш мақсадида бугун Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази томонидан Дин ишлари бўйича қўмита, Конрад Аденауэр жамғармаси Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси ҳамда Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита ҳамкорлигида “Рақамли дунёда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликнинг долзарб масалалари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.
Анжуманда Олий Мажлис депутатлари, халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижий экспертлар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, диний конфессиялар раҳбарлари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда ёшлар ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Тадбирни очиб берган Марказ директори Қобилжон Собиров рақамли дипломатиянинг замонавий аҳамиятига тўхталиб, жумладан шундай деди:
– Бугун рақамли макон нафақат ахборот алмашиш воситаси, балки инсон онги, қараши ва қадрияти шаклланадиган муҳим майдонга айланди. Халқ дипломатияси рақамли дипломатия билан уйғунлашган ҳолда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлашнинг самарали воситасига айланмоқда.
Конрад Аденауэр жамғармаси минтақавий ваколатхонаси раҳбари Андре Альгермиссен “Барқарор жамият қуришда рақамли технология инсон қадр-қиммати, демократия ва бағрикенглик тамойили билан уйғун ривожланиши зарур”, дея таъкидлади.
Жамғарма бош котиби Марк Шпайх эса халқаро ҳамкорликнинг аҳамиятига алоҳида урғу берди:
– Рақамли даврда инсон ҳуқуқи, диний бағрикенглик ва демократик қадриятни мустаҳкамлаш соҳасида тажриба алмашувини янада кенгайтириш муҳим.
Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Ғанишер Эрматов иштирокчиларни мазкур ўта муҳим ва долзарб масалаларни ҳал этишда бирлашишга чақирди:
– Мамлакат барқарорлиги ва изчил тараққиётининг муҳим кафолати сифатида миллатлараро тотувликни рақамли муҳитда ҳам асраш ва мустаҳкамлаш барчамизнинг умумий вазифамиздир.
Тадбирда иштирок этган Рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари Аюбхон Султонов ўз сўзида “Рақамли платформалар жамиятни бирлаштирувчи самарали воситага айланиши учун ишончли ва хавфсиз ахборот муҳитини шакллантириш лозим”, деди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси раиси Нодир Жумаев ҳам видео мурожаатида мавзунинг долзарблигини алоҳида таъкидлади:
– Рақамли технология давлат ва жамият ўртасида очиқлик, шаффофлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилиши керак. Ахборот маконида масъулиятли мулоқот маданиятини шакллантириш бугунги куннинг муҳим вазифасидир.
Ялпи мажлисда рақамли коммуникация, давлат бошқаруви, диний бағрикенглик, маданиятлар аро мулоқот, медиа саводхонлик, ахборот хавфсизлиги ҳамда ёшлар сиёсатига бағишланган маърузалар тингланди.
Имом Бухорий номли Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғофуров Марказий Осиё халқларини азалдан ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва яхши қўшничилик анъаналари бирлаштириб туриши, мазкур бой меросни замонавий рақамли воситалар орқали ёш авлод онгига етказиш барқарор тараққиётнинг муҳим шарти эканини қайд этди.
Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархияси раҳбари Митрополит Викентий динлараро мулоқот умуминсоний қадриятларга асосланиши, рақамли макон эса ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик ғояларини кенг тарғиб қилишга хизмат қилиши зарурлигига эътибор қаратди.
“Digital Generation Uzbekistan” нодавлат нотижорат ташкилоти директори Азамат Жалолов ёшлар хавфсиз ва масъулиятли рақамли муҳитни шакллантиришда ҳал қилувчи куч экани, уларда танқидий фикрлаш ва медиа саводхонлик кўникмасини ривожлантириш беқиёс аҳамият касб этишини эслатиб ўтди.
“Зиё форум” жамғармаси Ёшлар маркази раҳбари Сирожиддин Бозоров эса ёшларнинг рақамли саводхонлигини юксалтириш, ишончли ахборотни саралаш ва таҳлил қилиш кўникмасини шакллантириш экстремистик ғояларга қарши энг самарали маърифий чоралардан бири эканини таъкидлади.
Конференция якунида иштирокчилар рақамли маконда диний бағрикенглик ва миллатлар аро тотувликни мустаҳкамлаш, экстремизм ва радикализм профилактикаси, медиа саводхонликни ривожлантириш, ёшларда ахборот маданиятини юксалтириш ҳамда давлат идоралари, халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлиги кўламини янада кенгайтиришга қаратилган таклиф, тавсияларни илгари сурдилар.
Таъкидланганидек, мазкур конференция Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, миллатлар аро тотувлик ва диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш, рақамли маконда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш ҳамда халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилувчи муҳим илмий-амалий мулоқот майдони сифатида намоён бўлди.
Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази матбуот хизмати билан ҳамкорликда тайёрланди.
Ғ.Хонназаров, ЎзА