Чустда “Ўзбек палови маданияти” кунлари ва ош чемпионати ўтказилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Чуст туманида 65-халқаро Гуллар фестивали дастури доирасида анъанавий “Ўзбек палови маданияти” кунлари ҳамда ош чемпионати ташкил этилди.
Мавлоно Лутфуллоҳ номидаги маданият ва истироҳат боғи нафақат ҳордиқ чиқарувчилар, балки “Ош чемпионати”ни томоша қилиш учун узоқ-яқиндан келган меҳмонлар билан янада гавжум бўлди.
Тумандаги маҳаллалар, ташкилот ва муассасалардан 20 дан ортиқ ҳаваскор ошпаз белгиланган майдонда қозон осиб, палов тайёрлаш бўйича ўз маҳоратини намойиш этди.
[gallery-30316]
Тадбирнинг эътиборли жиҳатларидан бири — Адлия вазирлиги томонидан “Чуст оши” географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилгани ҳақидаги сертификатнинг топширилиши бўлди.
Таъкидлаш жоиз, “Чуст оши”га географик кўрсаткич мақомининг берилиши унинг номи ва анъанавий тайёрлаш технологиясини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилади. Шунингдек, мазкур мақом маҳсулот сифати озиқ-овқат маҳсулотлари учун белгиланган давлат меъёрларига мувофиқлигини кафолатлайди ҳамда ҳудуднинг гастрономик брендини халқаро миқёсда тарғиб этиш имкониятларини кенгайтиради.
Танлов давомида тайёрланган паловлар таъми, безатилиши ва бошқа хусусиятларига кўра баҳоланиб, ошпазлар муносиб рағбатлантирилди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА