Абдуҳошим Исмоилов: Қува тумани Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг намунаси бўлганидан бахтиёрман (+видео)
Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Қува туманидаги “Каркидон” сув омбори ҳудудида барпо этилган янги туризм мажмуасида амалга оширилаётган лойиҳалар билан ҳам танишди.
Бугун ушбу маскан Фарғона водийсида ёзги дам олиш, экотуризм ва фаол ҳордиқ чиқариш учун энг жозибадор манзиллардан бирига айланмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 1 апрелдаги қарорига мувофиқ, бу ерда қиймати 635 миллиард сўмлик замонавий туризм мажмуаси шакллантирилмоқда. Ҳудудда йўл инфратузилмаси яхшиланиб, ободонлаштириш ишлари давом этмоқда.
Бу каби лойиҳалар мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳиятини кенгайтириш, ҳудудларда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш ва аҳоли даромадини оширишга хизмат қилади.
Қува туманда туғилган созанда, бастакор, Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим ИСМОИЛОВ ЎзА мухбирига интервью бериб, масканда амалга оширилган ишлар хусусида тўлқинланиб гапириб берди.
– Қува тумани Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг бир намунаси эканини куриб турибмиз, – деди Абдуҳошим Исмоилов. – Осмонларда учяпман, юрагимга яна куч-ғайрат қўшилганини ўзим ҳис қилиб турибман. Зеро, мен туғилган Қува тумани жуда чиройли, обод масканга айланди. “Каркидон” сув омбори атрофи дам оладиган, оилавий ҳордиқ чиқарадиган жой бўлибди. 1964 йилларда бу ерда ўртоқларим билан чўмилиб, балиқ тутиб юрардик. Шундан кейин орадан йиллар ўтиб, мана энди келяпман. Кўзим қувнаб, ичимга сиғмадим, бунинг учун Президентимизга миннатдорлик билдираман.
Қуваликлар хонадон эшигини тақиллатсангиз, “мен боғбонман, қайси кўчатни экай?” дейдиган халқ. Уларга шароит керак эди, боғ қилсам, тадбиркорлик билан шуғуллансам деб юрарди. Бугун Янги Ўзбекистон барпо этдик. Қува тумани мисолида Янги Ўзбекистонни бутун дунёга кўрсатсак арзийди.
Видеоинтервьюни ижтимоий тармоқлардаги саҳифамизда томоша қилинг.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/1496V8eZ95Y" title="Abduhoshim Ismoilov: Quva tumani Yangi O‘zbekistondagi islohotlarning namunasi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Беҳруз ХУДОЙБЕРДЕВ, Носиржон ҲАЙДАРОВ (сурат), Искандар ИСМАТОВ (видео), ЎзА