Қорақалпоғистон ҳудудида янги ўргимчак тури аниқланди —илмий тадқиқот
2026 йилда Scopus халқаро маълумотлар базасидаги Британиянинг Arachnology журналида чоп этилган илмий мақолада Қорақалпоғистон ҳудудида ўргимчакларнинг янги тури аниқлангани ҳақида муҳим маълумотлар эълон қилинди. Мазкур тадқиқот Дмитрий Логунов, Мардона Бектурсунова ва Икром Абдуллаев томонидан олиб борилган бўлиб, унда Karakumosa ustyurtica номи билан янги тур илмий жиҳатдан тавсифланган. Энг муҳим томони, бу тур дунё фаунаси учун янги тур сифатида қайд қилинди.
Биология фанлари доктори, профессор Икром Абдуллаевнинг маълумот беришича, бу тур бўри ўргимчаклар оиласига(Lycosidae) мансуб бўлиб, Марказий Осиёнинг чўл экотизимларига хос бўлган ноёб биологик объектлардан бири сифатида баҳоланади. Тадқиқот нафақат янги турнинг морфологик хусусиятларини очиб беради, балки унинг яшаш муҳити, экологик мослашуви ва эволюцион шаклланиши ҳақида ҳам муҳим илмий хулосаларни тақдим этади. Шунингдек, бу тур зараркунанда ҳашаротларнинг, шу жумладан термитларнинг табиатдаги миқдорини чеклаб туришда муҳим роль ўйнайди.
Тадқиқот натижаларига кўра, Karakumosa ustyurtica тури Устюрт платосининг шарқий қисмида, Борсакелмас ботиғидан жануби-ғарбда жойлашган ҳудудда аниқланган. Ушбу ҳудуд ўзининг қаттиқ қурғоқчил иқлими, доимий сув манбаларининг йўқлиги ва шўрга чидамли ўсимликлар билан қоплангани билан ажралиб туради. Бу ерда намлик асосан атмосфера ёғинлари ҳисобидан шаклланади, ўсимлик қоплами эса арид шароитга мослашган ярим бута ва ўт ўсимликлардан иборат бўлиб, улар орасида шўра ёки Биюргун (Anabasis salsa), қора саксовул (Haloxylon aphyllum) ва Каспий калидияси ёки Ишқорли шоҳилак (Kalidium capsicum) устунлик қилади. Мазкур экологик шароит турнинг шаклланишида муҳим роль ўйнаган.
Хоразм Маъмун академияси таянч (PhD) докторанти Мардона Бектурсунованинг маълумот беришича, Karakumosa ustyurtica кенг тарқалган умумий тур эмас, балки тор экологик ихтисослашувга эга организм сифатида шаклланган.
У нам ёки ўтлоқ ҳудудларда эмас, балки айнан шўрхок, қуруқ ва сийрак ўсимликли чўл субстратида яшашга мослашган. Илмий маълумотларга кўра, Karakumosaавлодига мансуб турлар асосан Турон чўл минтақасига хос бўлиб, улар кўпинча эндемик характерга эга. Бу эса Устюрт платосининг аридлиги, шўрланиш даражаси, кескин континентал иқлими ва тупроқ юзасининг микрорельефи турнинг эволюцион шаклланишида ҳал қилувчи омиллар бўлганини кўрсатади.
Иқлим ўзгариши масаласи ушбу турнинг келажакдаги тақдирини баҳолашда алоҳида аҳамият касб этади. Олимага кўра, Қорақалпоғистон ва Устюрт ҳудуди аллақачон кескин қурғоқчил шароит билан ажралиб туради, ёзда юқори ҳарорат, қишда эса жуда паст ҳарорат кузатилади. Сўнгги йилларда чанг-қум бўронлари сонининг ортиши, тупроқ намлигининг камайиши ва умумий иқлим стрессининг кучайиши кузатилмоқда. Қисқа муддатда чўлланишнинг кучайиши ушбу турга мос ҳудудларнинг бироз кенгайишига олиб келиши мумкин, бироқ узоқ муддатда вазият мураккаброқ.
– Агар турнинг яшаши учун зарур бўлган ўсимлик қоплами, яъни шўра, саксовул ва калидия каби асосий фитоценозлар бузилса ёки ўлжа базаси кескин камайиб кетса, бу турнинг популяцияси қисқариши эҳтимоли юқори. Шу сабабли илмий нуқтаи назардан қаралганда, фитоценозлар ва озуқа занжирининг бузилиши, унинг ареали ва сонининг камайишига хавфи устунроқ эканини асослайди, –дейди Мардона Бектурсунова.
Karakumosa ustyurtica нинг озиқланиш стратегияси ҳам унинг чўл шароитига мослашганини яққол кўрсатади. ТурLycosidae оиласига мансуб бўлиб, бу оила вакиллари бошқа ўргимчаклардан фарқли равишда тўр қуриб ов қилмайди, балки фаол йиртқич ҳисобланади. Улар ер юзасида ҳаракатланиб ўлжа қидиради ёки ин оғзи яқинида пойлаб туриб тез ҳужум орқали ўлжани тутади. Ушбу турнинг трофик хусусияти чўл ҳудудларида учрайдиган майда бўғимоёқлилар — қўнғизлар, икки қанотлилар, чигирткасимонлар ва бошқа майда бўғимоёқлилар билан боғлиқ. Ўсимликлар бу жараёнда бевосита озиқ манбаи эмас, балки микромуҳит ва ўлжа базасини шакллантирувчи манбаа сифатида хизмат қилади. Масалан, шўра ва саксовул атрофидаги микромуҳитлар ҳашаротлар учун яшаш жойи яратади, ўргимчак эса озиқ занжирининг юқори поғонасида туриб уларни овлайди.
Турнинг репродуктив (кўпайиш, насл бериш) хусусиятлари Lycosidae оиласига хос умумий биологик белгилар билан тавсифланади.
– Аниқ кузатувлар ҳали етарли даражада эълон қилинмаган бўлса-да, бўри ўргимчакларга хос муҳим хусусият - она парваришининг юқори даражада ривожлангани. Урғочи ўргимчак тухум қопчасини ўз танасига бириктириб олиб юради ва тухумдан чиққан ёш ўргимчаклар бир муддат унинг устида яшайди. Бу эса кўплаб бошқа ўргимчак турларидан фарқли жиҳат бўлиб, Karakumosa ustyurtica да тухумлар кўпинча парвариш қилинади. Шу сабабли Karakumosa ustyurtica кучли она ғамхўрлиги билан ажралиб турувчи тур сифатида баҳоланади. Мазкур тадқиқот натижалари Ўзбекистон ва умуман Марказий Осиё ҳудудида биологик хилма-хилликни ўрганишда муҳим илмий аҳамиятга эга, – дейди профессор Икром Абдуллаев.
Karakumosa ustyurtica’нинг аниқланиши чўл экотизимларининг ҳали тўлиқ ўрганилмаганини ва бу ҳудудларда янги турларни аниқлаш имконияти юқорилигини кўрсатади. Ушбу тур мисолида экстремал экологик шароитлар организмларнинг шаклланишига қандай таъсир кўрсатиши, тор ихтисослашган турлар қандай пайдо бўлиши ва иқлим ўзгариши уларнинг келажагига қандай хавф туғдириши яққол намоён бўлади. Шу боис мазкур тадқиқот нафақат таксономик жиҳатдан, балки экология, эволюция ва иқлим ўзгариши йўналишларида олиб бориладиган келгусидаги илмий изланишлар учун муҳим назарий ва амалий асос бўлади.
М.Эшмирзаева,
ЎзА