Ўзбекистон ва Россия ўртасида олий таълим ва фан соҳасида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
Юртимизда таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш йўлида улкан амалий ҳаракатлар олиб борилмоқда. Шунга яраша жаҳон майдонида ёшларимиз эришаётган натижалар ҳам қувонарли.
Халқаро ҳамкорликлар салмоғини янада ошириш, олий таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш мақсадида олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Алексей Ерхов билан учрашув ўтказди.

Томонлар Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги олий таълим, фан ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорлик кўп қиррали характерга эга эканини алоҳида таъкидлади. Қайд этилишича, бугунги кунда икки мамлакат ўртасида олий таълим соҳасида мустаҳкам шартномавий-ҳуқуқий база шаклланган бўлиб, ўзаро ҳамкорлик изчил кенгайиб бормоқда.

Шунингдек, академик мобилликнинг ортиши, ўзбекистонлик ёшларнинг Россия олийгоҳларида таҳсил олишга бўлган қизиқишининг ўсиб бораётгани алоҳида эътироф этилди. Мулоқот давомида таълим сифатини ошириш, амалга оширилаётган қўшма таълим дастурларини меҳнат бозори талабларига мослаштириш, ҳамда Россия олий таълим муассасалари филиаллари фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Масъуллар учрашув сўнгида мазкур ҳамкорлик ҳар икки мамлакат олий таълим тизимида ривожланишнинг янги босқичи сифатида муҳим ўрин тутишини мамнуният билан таъкидлади.
Шербек Исломов
ЎзА