Қонунчилик такомиллашмоқда
Мамлакатимизда аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини муҳофаза қилиш, айниқса, ёш авлодни гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг ҳалокатли таъсиридан асраш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда наркотик воситалар ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши кураш соҳасидаги қонунчилик тизимли равишда такомиллаштирилмоқда.
Сўнгги йилларда наркотик воситаларнинг интернет тармоғи орқали тарқатилиши, яширин нарколабораториялар фаолияти ҳамда трансмиллий жиноий тармоқларнинг кенгайиши мазкур соҳада жавобгарлик чораларини янада кучайтиришни тақозо этмоқда. Шу муносабат билан қабул қилинаётган янги ҳуқуқий нормалар жиноий ва маъмурий жавобгарликни кучайтириш, шунингдек, вояга етмаганлар ҳамда талаба-ёшларни муҳофаза қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Қонунчиликка киритилаётган ўзгартишларга кўра, бир қатор ижтимоий хавфли қилмишлар учун алоҳида жавобгарлик белгиланмоқда. Жумладан, ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этиш ёки унинг фаолиятини таъминлаш учун 5 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилмоқда.
Шунингдек, мансаб ваколатларидан фойдаланган ҳолда наркотик воситалар билан боғлиқ жиноятларга раҳнамолик қилиш ёки уларнинг фош этилишига тўсқинлик қилиш мақсадида маълумот етказиб туриш ҳам 5 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Бангихона ташкил этиш ёки сақлаш учун эса 3 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда.
Маъмурий жавобгарлик соҳасида ҳам муҳим янгиликлар жорий этилмоқда. Хусусан, наркотик воситаларни жамоат жойларида истеъмол қилганлик учун 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси қўлланилиши белгиланмоқда.
Бундан ташқари, Жиноят кодексига “Аҳоли саломатлиги ва генофондига қарши жиноятлар” деб номланган янги алоҳида боб киритилиб, унда мазкур соҳадаги ҳуқуқбузарликларни қамраб олган 16 та модда назарда тутилмоқда.
Янги қонунчилик нормаларига мувофиқ, наркотик воситалар билан боғлиқ оғир жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан жазони енгиллаштириш механизмлари кескин чекланмоқда. Хусусан, бундай шахсларни жазони ўташ муддатидан илгари шартли озод қилишга йўл қўйилмайди.
Наркотик воситаларни уюшган гуруҳ томонидан, трансмиллий жиноий тузилмалар орқали ёки интернет тармоғи воситасида тарқатиш учун 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда.
Кучли таъсир қилувчи моддаларни озодликдан маҳрум қилиш муассасаларида ёки интернет тармоғи орқали муомалага киритиш учун 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.
Шунингдек, айрим турдаги кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласини кўп миқдорда ёки такроран содир этганлик учун 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилади. Наркотик воситаларни истеъмол қилишга жалб этиш оқибатида инсон ўлими ёки бошқа оғир оқибатлар келиб чиққан ҳолларда эса айбдор шахслар 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Қонунчиликда вояга етмаганларни муҳофаза қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Эндиликда вояга етмаган шахсларни кучли таъсир қилувчи моддаларни истеъмол қилишга жалб этганлик учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарлик белгиланмоқда. Илгари бундай ҳолатларда дастлаб маъмурий, кейин эса жиноий жавобгарлик чоралари қўлланилар эди. Айниқса, таълим муассасалари, талабалар турар жойлари ва болалар оромгоҳларида вояга етмаганларни кучли таъсир қилувчи моддаларни истеъмол қилишга жалб этганлик учун 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилмоқда.
Шунингдек, вояга етмаган шахслар иштирокида кучли таъсир қилувчи моддаларни ўтказиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш, ташиш ёки тарқатиш билан боғлиқ ҳаракатлар учун ҳам жавобгарлик кескин кучайтирилмоқда. Бундай қилмишлар учун 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда.
Кучли таъсир қилувчи моддаларни таълим муассасалари ҳудудида муомалага киритиш ҳам оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланиб, 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосига сабаб бўлади.
Бугунги кунда наркотик воситалар ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний тарқалиши нафақат ҳуқуқ-тартибот, балки миллат келажаги, ёшлар тарбияси ва жамоат саломатлиги билан боғлиқ долзарб масалага айланган.
Шу нуқтаи назардан, қонунчиликка киритилаётган мазкур ўзгартишлар наркотик воситаларнинг ноқонуний муомаласига қарши кураш самарадорлигини ошириш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва ёшларни турли таҳдидлардан асрашга хизмат қилади. Айниқса, интернет орқали амалга оширилаётган наркотрафикка қарши ҳуқуқий механизмларнинг кучайтирилиши жиноятчиликнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Умуман олганда, мазкур ҳуқуқий ислоҳотлар мамлакатимизда соғлом авлодни тарбиялаш, хавфсиз ижтимоий муҳитни шакллантириш ва қонун устуворлигини таъминлаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири сифатида эътироф этилади.
Талантбек Мадумаров,
Андижон давлат университети биринчи проректори,
юридик фанлар доктори, профессор.
ЎзА