Илк ривожланиш маркази – болалар учун катта имконият
Бугун юртимизда мактабгача таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар ҳар бир болага тенг имконият яратиш, унинг иқтидорини эрта кашф этиш ва сифатли таълимга тайёрлашга хизмат қиляпти.
Ана шундай эзгу мақсадлар давоми сифатида жорий йилда Тошкент вилоятининг 6 та ҳудудида – Чиноз, Янгийўл, Тошкент, Юқори Чирчиқ, Оҳангарон ва Паркент туманларида янги “Илк ривожланиш марказ”ларини ташкил этиш белгиланган. Ушбу хайрли ташаббуснинг навбатдаги манзили Паркент туманининг Қизилтоғ маҳалласи бўлди. Бу ерда 120 нафар болажонни қамраб олиш имкониятига эга замонавий “Илк ривожланиш маркази” ўз эшикларини очди.

Мазкур марказ Президентимизнинг 2024 йил 23 сентябрдаги “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилди. Тантанали очилиш маросимида соҳа мутахассислари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ҳамкор ташкилотлар масъуллари иштирок этди.
Мазкур марказнинг энг муҳим вазифаси мактабгача таълим билан қамраб олинмаган болалар учун янги имкониятлар эшигини очишдир. Бу ерда улар нафақат билим олади, балки жамоага мослашиш, мулоқот қилиш, фикрлаш ва ижод қилиш кўникмаларини ҳам шакллантиради. Ҳар бир боланинг ёши, қизиқиши ва эҳтиёжи инобатга олинган ҳолда ташкил этилган муҳит уларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун хизмат қилади.
Қизилтоғда очилган ушбу марказ шунчаки янги бино эмас. Бу орзуларга очилган эшик, билимга қўйилган илк қадам ва келажакка киритилган муҳим сармоядир. Зеро, болалар учун яратилган ҳар бир имконият мамлакат келажагига қўйилган мустаҳкам пойдевордир.
А.Мусаев, ЎзА мухбири