Қонунчилик палатасида давлат мукофотлари ўз эгаларига топширилди
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги кенг нишонланаётган айни кунларда Президентимизнинг тегишли фармонларига мувофиқ, бир гуруҳ юртдошларимиз қатор давлат мукофотлари билан тақдирланди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Спикер Нуриддин Исмоилов иштирокида давлат мукофотларини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда Нуриддин Исмоилов юртдошларимизни яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрами билан муборакбод этиб, ўтган даврда эришилган улкан натижаларни алоҳида эътироф этди.

Шундан сўнг тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига асосан Қонунчилик палатаси Спикери томонидан давлат хизмати, ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, маданият ва санъат, оммавий ахборот воситалари ҳамда бошқа соҳаларда фидокорона меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ юртдошларимизга давлат мукофотлари тантанали равишда топширилди.

Маросимда сўз олганлар юртимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар самарасида барча соҳа ва йўналишларда қатор ижобий натижаларга эришилаётганини таъкидлади. Босиб ўтган 35 йиллик давлатчилик тарихимиз давомида Ўзбекистоннинг дунё саҳнидаги ўрни ва даражаси юксак поғонага кўтарилгани алоҳида эътироф этилди.

Шунингдек, мукофотланган юртдошларимиз ўз меҳнатларига берилган юксак эътибордан мамнун эканликларини, бу рағбат келгуси фаолиятларида катта мотивация бўлиши ҳамда Янги Ўзбекистон равнақи йўлида фидойи меҳнат қилишларини билдирди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА